20 Октябрь 2020
РАСМИЙ БАЁНОТ
Коронавирус пандемияси даврида айрим оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқ ва турли мессенжерларда ўз тасдиғини топмаган ҳамда расмий манбалардан олинмаган, айрим вазиятларда эса аҳолида ваҳима уйғотувчи маълумотлар тарқатилиши кузатилмоқда.
 

Айниқса, турли соҳада давлатимиз равнақи учун кўп йиллар фидоийлик кўрсатган таниқли инсонларнинг кутилмаганда вафот этгани билан боғлиқ асоссиз хабарлар кўпаймоқда. Бу каби нотўғри маълумотлар беморнинг яқин кишиларини саросимага солиб қўйиши, уларнинг ҳам соғлиғига зарар етказиши мумкин.

 
Шуни унутмаслик керакки, бирор инсоннинг фақат ўзига тегишли бўлган фундаментал ҳуқуқи ҳисобланувчи шахсий саломатлиги ёки коронавирус касаллигидан вафот топгани ҳақидаги хабарларни эълон қилишда Ўзбекистон Республикаси «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонунига амал қилиниши лозим.
 
Мазкур қонунда фуқароларнинг шахсий маълумотлари фақатгина ўзини розилиги, агарда у муомалага лаёқатсиз бўлса унинг қонуний вакили, мабодо оламдан ўтган тақдирда меросхўрларининг ҳужжат шаклидаги розилиги билан эълон қилиниши мумкинлиги белгиланган.
 
Бундан ташқари, аҳоли орасида фейк хабарларни ҳар қандай шаклда тарқатиш, нотўғри хабарлар билан чалғитиш амалдаги қонунчиликка мувофиқ тегишли жавобгарлик келтириб чиқаради.
 
Агентлик оммавий ахборот воситалари ва блогерлардан ишончсиз ахборотларни тарқатмаслик ҳамда нохолис манбалардан фойдаланмасликни сўрайди.
 
Бугунги мураккаб вазиятда ахборот майдонида қонунга зид ҳолатлардан йироқ бўлган ижобий муҳитни шакллантиришга ҳисса қўшайлик.
 
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
 
@koronavirusinfouz
#ниқобтақинг
#масофасақланг
Охирги янгиланиш: 04.12.2020 | 09:42