19 Октябрь 2020
Метро бекатларида тил байрамига бағишланган тадбирлар ўтказилди

1989 йил 21 октябрда Давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон учун мустақиллик сари қўйилган дастлабки дадил қадам бўлиб хизмат қилди. Айнан ана шу тарихий ҳужжатга биноан ўзбек тили мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 21 октябрь санасини Ўзбек тили байрами куни деб эълон қилиниши тўғрисидаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташаббуси билан Маданият вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳамкорлигида 2020 йилнинг 18 октябрь куни “Алишер Навоий” ва “Абдулла Қодирий” метро бекатларида “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” мавзуида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Ўзбек тили байрами муносабати билан уюштирилган мазкур тадбир доирасида ўзбек тилига оид янги адабиётлар, она тилимизнинг шукуҳи ва шарафи мазмунидаги адабиётлар, тилнинг инсон ҳаётидаги ўрни ҳамда аҳамияти ҳақидаги ибора, ҳикматларни ўзида мужассам этган кўргазмали материаллар, баннерлар тақдим қилинди.

Шунингдек, тил байрами доирасида алломаларимиздан Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпонларнинг суратлари ҳам намойиш этилди ва улар бу ердан ўтаётган фуқароларимиз қалбида фахр-ифтихор туйғуларини уйғотди.

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг ижодий жамоаси, ўқитувчилари, талабалари томонидан миллий тилимизнинг қадр-қимматини шарафловчи ашулалар, шеърлар ижро қилинди.

Охирги янгиланиш: 25.11.2020 | 19:17