15 Октябрь 2020
Самарқандда милоддан аввалги IV-III аср ашёлари намойиш қилинади

Самарқанд давлат музей-қўриқхонасида 17 октябрь – 17 декабрь кунлари милоддан аввалги IV-III асрдан, милодий VIII асргача ва қисман V-VII асрларда аждодларимизнинг тадрижий тарихи акс этган “Қуштепа-II” ёдгорлигига оид “Кўҳна замин дурдоналари” деб номланган кўргазма ташкил этилади.


Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Археология институти катта илмий ходими Б.Абдуллаев билан ҳамкорликда Қўрғонтепа тумани, Қорасув шаҳри, “Ўзбекистон Мустақиллигининг 15 йиллиги” маҳалла ҳудудида жойлашган “Қўштепа-II” тарихий ёдгорлигига илмий экспедиция уюштирилган эди.

Тадқиқотлар натижасида 3 та қатламдан иборат бўлган ёдгорлик 12 асрдан кўпроқ узлуксиз ҳаёт изларини сақлаб келаётганлиги, яъни, милоддан аввалги IV-III асрдан, милодий VIII асргача ва қисман V-VII асрларда аждодларимизнинг тадрижий тарихи акс этганлиги аниқланди.

Ёдгорликнинг турли қатламларида қадимги тош ва бронза даврларига оид топилмаларнинг аниқланиши, яқин атрофда сўнгги палеолит ва Чуст маданиятига тегишли манзилгоҳларнинг мавжудлиги ёки Қўштепа тош ва бронза даврларга оид манзилгоҳлар устида қад кўтарилганлигидан далолат беради.

Қазишма даврида топилган жами мингдан зиёд сопол идишлар, тақинчоқлар, қурол-аслаҳалар бўлаклари ва бошқа ашёлар музей фондига кирим қилинди. Қабул қилиб олинган ашёларнинг 20 дан зиёд ноёб сопол буюмлари илмий экспедициянинг ҳисоботи сифатида ташкил этилиши режалаштирилган кўргазмада намойиш этиш учун ЎзФА Археология институти ҳамда Самарқанд давлат музей қўриқхонаси илмий ходими, таъмирловчи Б.Болиев кўмагида қайта тикланди.

Охирги янгиланиш: 25.11.2020 | 19:17