08 Сентябрь 2020
Республика қўғирчоқ театрлари XII анъанавий кўрик-фестивали якунига етди

Бугун Маданият вазирлигида “Республика қўғирчоқ театрлари XII анъанавий кўрик-фестивали”нинг ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Унда маданият вазирининг биринчи ўринбосари Жамол Носиров иштирок этди.

Пандемия муносабати билан мамлакатимизда тадбиқ этилган карантин талабларидан келиб чиқиб жорий йилнинг 5-8 сентябрь кунлари фестиваль тарихида биринчи маротаба онлайн тарзда ўтказилди. Унда Республикадаги 10 та қўғирчоқ театри ўзининг энг сара спектакллари билан иштирок этдилар.

Мазкур фестивални ташкил этишдан кўзланган мақсад болажонлар қалбида инсонийлик фазилатларини, ватанпарварлик каби туйғуларни кучайтиришга хизмат қилувчи саҳна асарларини яратиш, бадиий жамоаларнинг ҳамкорлик доирасини кенгайтириш ва ўзаро ижодий тажриба алмашиш, ижодкорларни рағбатлантириш ҳамда томошабинларни Ўзбекистон қўғирчоқ театри санъатининг энг сара намуналари билан яқиндан таништиришдан иборатдир.

Тадбир давомидаШерюрак ёхуд Бобур ҳақида қисса”, “Қуш тили” каби намойишлар орқали тарихий асарларга мурожаат қилинганлиги алоҳида эътироф этилган бўлса, “Қодирий кулдирганда”, “Саҳро Бембийи", “Как баба Маша Колобка пекла” каби ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналари орқали бугунги кун муаммоларини асар воқеаларига сингдириб уларга замонавий тус берилганлиги ҳакамлар ҳайъати ва томошабин томонидан муносиб баҳоланди.

5-8 сентябр кунлари ўтказилган фестивалда спектакллар онлайн тарзда Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали омма эътиборига ҳавола этиб борилди. Ҳакамлар ҳайъати аъзоларидан иборат ишчи гуруҳ вакиллари ҳамда томошабинлар танлови орқали фестиваль ғолиблари аниқланди. Якуний натижалар эса қуйидагича:

1. “Энг яхши режиссёр-ташкилотчи” номинацияси ғолиби Жиззах вилояти қўғирчоқ театри бош режиссёри Каромат Исамова

2. “Эзгуликни тарғиб этувчи мавзу” номинацияси ғолиби Бухоро вилояти қўғирчоқ театри “Сеҳрли чашма” спектакли

3. “Миллий қадриятлар тарғиботи учун” номинацияси билан Андижон вилояти қўғирчоқ театри “Шерюрак Бобур” спектакли

4. “Энг яхши қўғирчоқ рассом” номинацияси ғолиби Сурхондарё вилояти қўғирчоқ театри “Қодирий кулдирганда” спектакли учун рассоми Завқиддин Ёдгоров

5. “Энг фаол муҳокама иштирокчиси” номинацияси билан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти “Қўғирчоқ театр санъати” кафедраси катта ўқитувчиси Останина Ольга Анатольевна

6. “Энг яхши рассомлик иши” номинацияси билан Самарқанд вилояти қўғирчоқ театри “Қулоқ, Бурун ва Хвост” спектакли

7. “Миллий қаҳрамон образи” номинацияси ғолиби Андижон вилояти қўғирчоқ театри “Шерюрак Бобур” спектаклида Заҳириддин Муҳаммад Бобур роли учун Казакова Нигора Маликовна

8. 3-ўрин Хоразм вилояти қўғирчоқ театри “Қалдирғоч ва майна” спектакли

9. 3-ўрин Ўзбек Миллий қўғирчоқ театри “Маша буви ёпган бўғирсоқ” спектакли

11. 2-ўрин Қашқадарё вилояти қўғирчоқ театри “Қуш тили” спектакли

11. 2-ўрин Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театри “Саҳро Бембийи” спектакли

12. 1-ўрин Сурхондарё вилояти қўғирчоқ театри “Қодирий кулдирганда” спектакли

13. 1-ўрин Фарғона вилояти қўғирчоқ театри “Тойчоқ” спектакли учун

Фестивалнинг фахрли биринчи ўрин соҳиблари 5 миллион сўм, иккинчи ўринни эгаллаганлар тўрт миллион сўм, учинчи ўрин соҳиблари эса уч миллион сўмдан пул мукофоти, диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

Охирги янгиланиш: 25.10.2019 | 21:01