07 Сентябрь 2020
Ўзбекистон давлат хореография академияси ректори Шуҳрат Тохтасимов 60 ёшда

 

“Шуҳрат” медали соҳиби, Ўзбекистон давлат хореография академияси ректори Шуҳрат Тохтасимов 60 ёшни қаршилади. Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Жамол Носиров Шуҳрат Махмудовични қутлуғ ёш билан табриклаш, ўзбек миллий рақси ва умуман хореография санъатини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдириш мақсадида Академияга ташриф буюрди.

Устозни табриклаш учун бутун жамоа йиғилган ва барчанинг қалбида илиқ тилаклар ҳукмрон. 60 йиллик умрининг 42 йилини миллий ва жаҳон хореография санъати сирларини чуқур ўрганишга бағишлаш билан бирга, қатор фан дастурлари ва соҳа адабиётларининг яратилишига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган раҳбарни барча рақс санъати вакиллари эъзозлайди.

Жамол Носиров Шуҳрат Махмудовичга Маданият вазирининг самимий табригини етказар экан, устознинг санъат ва маданият ривожидаги хизматларини ҳам эътироф этди:

Рақс санъатининг машаққатини ҳамма ҳам билавермайди. Рақсда бир кун бўлсада дам олиш тушунчаси йўқ. Аслида маданиятнинг ҳам нархи бўлмайди. Уни ўлчайдиган тарози мавжуд эмас. Маданият бу ҳаллолик ва поклик билан бирга давлатнинг маънавий қудратини намоён этувчи кучдир. Шуҳрат акани ана шу кучни бирлаштира олган, ракс санъатини дунёга танитган, маданият ривожига салмоқли ҳисса қўшган камтарин ва энг олий инсоний фазилатлар соҳиби сифатида барчамиз қадрлаймиз.

 

Охирги янгиланиш: 25.10.2019 | 21:01