03 Июль 2020
Шаффофлик ва очиқлик – замон талаби

Маданият вазирлигининг Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Бобур кўчаси 7-уй турар жой биносининг келгусидаги тақдири бўйича қабул қилган тегишли хулосаси юзасидан ижтимоий тармоқларда қўшимча маълумотлар сўралганлиги сабабли мазкур масала юзасидан янада кенгроқ маълумот тақдим этилади.

Хабарингиз бор, аввалроқ, Бобур кўчаси, 7-уй турар жой биносини моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объекти сифатида рўйхатга олиш ва рўйхатдан чиқариш бўйича Илмий-эксперт кенгаши қарорларида белгиланган норматив-ҳужжатларда белгиланган нормаларга амал қилинмаганлиги сабабли, ушбу қарорлар Маданият вазирлиги томонидан бекор қилиниб, қайта экспертиза тайинланганлиги ҳақида маълум қилинди.

Маданият вазирлиги томонидан мазкур қарор қабул қилинишига асосий сабаблардан бири вазирлик ҳузуридаги Маданий мерос департаменти
Илмий-эксперт кенгашининг Бобур кўчаси, 7-уй турар жойи биноси бўйича ўтказган мажлислари бўйича 2020 йил 6 мартдаги 13-сон ҳамда 2020 йил
16 мартдаги 13/1-сон билан расмийлаштирилган мажлис баёнлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 мартдаги “
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти фаолиятини ташкил этиш ҳамда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” 265-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари асосида ўтказилмаганлиги ва расмийлаштирилмаганлиги аниқланган.

Шунингдек, Илмий-эксперт кенгаши мажлиси ўтказилишига асос бўлувчи талаблар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 29 июлдаги “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 269-сон қарори билан тасдиқланган Низомда кўрсатилган бўлса-да, мазкур талаблар қўпол равишда бузилиб, Яккасарой тумани, Бобур кўчаси, 7-уй бўйича
Илмий-эксперт кенгаши аъзолари томонидан тарихий-маданий экспертизаси ўтказилмаган ва эксперт хулосаси ҳамда тарихий-маданий экспертизаси хулосаси тузилмаган.

Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қатъий амал қилинмаганлиги сабабли Илмий-эксперт кенгаши томонидан Бобур кўчаси, 7-уй турар жой биносига тегишли бўлган бир-бирини инкор этувчи асоссиз қарорлар қабул қилинганлиги маълум бўлган.

Юқоридагиларни инобатга олиб ҳамда Маданий мерос департаменти
Илмий-эксперт кенгашининг келгуси фаолиятини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда назоратга олиш, шунингдек Бобур кўчаси, 7-уй турар жойи биноси тақдирини объектив ҳал этиш мақсадида қайта тарихий-маданий экспертиза ўтказиш бўйича аниқ хулосага келинган.

Бундан ташқари, Илмий-эксперт кенгаши аъзоларнинг илмий салоҳияти ва тажрибаси эътироф этилиб, улар билан келгусида ҳамкорликда фаолият юритиш келишиб олинган.

Маълумот учун: Илмий-эксперт кенгаши аъзоларигидан ҳеч ким четлатилмаган ва улар томонидан четлатилиши тўғрисида аризалар келиб тушмаган.

 

Охирги янгиланиш: 23.01.2021 | 15:02