Маданий ҳамкорликни ривожлантириш йўлида

25 Dec, 2021 - 11:13
1110
Маданий ҳамкорликни ривожлантириш йўлида

Ахборот ва матбуот хизмати

“Ўзбекконцерт” давлат муассасасида Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси Чи Жунлин билан учрашув бўлиб ўтди. Мазкур учрашувда Муассасанинг ижодий масалалар бўйича директор ўринбосари Фаррух Юнусов, Концерт-томоша фаолиятини ташкил этиш ва ижодкор ёшлар билан ишлаш бўлими ҳамда Халқаро алоқалар бўлими вакиллари иштирок этишди.

Учрашувда жаноб Чи Жунлин Хитой ва Ўзбекистоннинг ўзаро маданий алоқалари тобора ривожланиб бораётгани, бунинг натижасида ҳар икки мамлакат санъат вакиллари иштирокида аҳамиятли тадбирлар ўтказилаётгани, ижодий лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлаб, мазкур ҳамкорликни янада кучайтириш, уни янгича шаклларда давом эттириш юзасидан фикр билдирди. Шундан сўнг маслаҳатчи 2022 йил январь-февраль ойларида Ўзбекистон-Хитой дипломатик алоқаларининг 30 йиллигига бағишланган онлайн гала-концерт ўтказиш таклифини берди.

Ўз ўрнида “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директорининг ижодий масалалар бўйича ўринбосари Фаррух Юнусов жаноб Чи Жунлинга самимий фикрлари учун ташаккур изҳор қилиб, ушбу таклиф ўзаро дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва икки томонлама маданий ҳамкорликни ривожлантириш борасида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. 

Шунингдек, учрашувда янги йилдан бошлаб мусиқа ва қўшиқчилик йўналишларини ривожлантиришга қаратилган илмий-амалий семинарлар ташкил этиш, икки халқ ижодиётига оид тақдимотлар ўтказиш, санъаткорлар иштирокида концерт дастурлари ташкил этиш каби қатор масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

O'zbekiston Respublikasi Madaniyat Vazirligi MM

Rasmiy sahifa



Biz bilan aloqa

Topilgan xatoni izohlash