"Алишер Навоий сиймоси ва асарлари саҳнада" республика театрларининг кўрик-фестивали ғолиблари тақдирланди

23 Dec, 2021 - 15:55
1314
"Алишер Навоий сиймоси ва асарлари саҳнада" республика театрларининг кўрик-фестивали ғолиблари тақдирланди

Ахборот ва матбуот хизмати

Жорий йилнинг 17 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан сўз мулкининг султони, буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан "Алишер Навоий сиймоси ва асарлари саҳнада" республика театрларининг кўрик-фестивали бошланган эди. Ушбу кўрик-фестиваль, бугун Ўзбек миллий Академик драма театрида якунланди.

Кўрик-фестивалда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган турли (драма, мусиқали ва қўғирчоқ) йўналишлардаги профессионал 18 та театрлар ўз асарлари билан иштирок этди.

Театр жамоалари 1-2-3 ўрин ҳамда турли номинациялар бўйича тақдирландилар.

Драматик йўналиш бўйича – Самарқанд вилояти мусиқали драма театрининг “Ишқ бўстони” спектакли 3-даражали диплом ва Маданият вазирлигининг махсус совғаси - 60 миллион сўмлик сертификат ҳамда моноблок билан тақдирланди.

Қўғирчоқ йўналиши бўйича Қашқадарё вилояти қўғирчоқ театрининг “Қуш тили” спектакли 3-даражали диплом ҳамда Маданият вазирлигининг махсус совғаси 50 миллион сўмлик сертификат, моноблок билан тақдирланди.

Драматик йўналиш бўйича – Ўзбекистон давлат академик рус драма театрининг “Смятение праведных” спектакли 2-даражали диплом ҳамда Маданият вазирлигининг махсус совғаси 100 миллион сўмлик сертификат, шунингдек, моноблок ва принтер билан тақдирланди.

Қўғирчоқ йўналиши бўйича – Бухоро вилояти қўғирчоқ театрининг “Лисон-ут-тайр” спектакли 2-даражали диплом ҳамда Маданият вазирлигининг махсус совғаси 70 миллион сўмлик сертификат, моноблок ва принтер билан тақдирланди.

Ҳакамлар ҳайъати томонидан бир овоздан Драматик йўналиш бўйича 1-даражали диплом Марғилон шаҳар мусиқали мақом театрининг “Алишер Навоий” спектакли муносиб деб топилди. Маданият вазирлигининг махсус совғаси 150 миллион сўмлик сертификат, шу билан биргаликда энг сўнгги русумдаги моноблок ва рангли принтер билан тақдирланди.

Ҳазрат Навоий асарларини маҳорат билан болалар тилида талқин этган - Хоразм вилояти қўғирчоқ театрининг “Шер ва дуррож” спектакли 1-даражали диплом ҳамда Маданият вазирлигининг махсус совғаси 150 миллион сўмлик сертификат, шу билан биргаликда энг сўнгги русумдаги моноблок ва рангли принтер билан тақдирланди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов сўзга чиқиб, барча иштирокчиларни табриклади. Шундан сўнг улар учун санъат усталари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.

 

 

O'zbekiston Respublikasi Madaniyat Vazirligi MM

Rasmiy sahifa



Biz bilan aloqa

Topilgan xatoni izohlash