09 Февраль 2021
Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги бағишланган "Назм ва наво" кечаси бўлиб ўтди

Куни кеча, «Туркистон» санъат саройида Маданият вазирлиги томонидан улуғ шоир ва мутафаккир, ғазал мулкининг султони Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган"Назм ва наво" деб номланган бадиий-маърифий кеча бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини нишонлаш тўғрисида” 2020 йил 19 октябрдаги ПҚ-4865-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилди.

Концерт дастуридан Ҳазрат Мир Алишер Навоий шеъриятига боғланган мумтоз ашулалар, Бухоро Шашмақоми, Хоразм мақомлари ҳамда Фарғона-Тошкент мақом йўлларидан дурдона намуналар ўрин олди. 

Концерт дастури давомида Ўзбекистон халқ ҳофизи Э.Рўзматов,Ўзбекистон халқ артисти М.Йўлчиева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Н.Пирматова, К.Бўриева, “Ниҳол” мукофоти совриндори И.Арабов, “Зулфия” мукофоти совриндори М.Шомуродова ҳамда Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтининг профессор-ўқитувчилари, талабалари томонидан барчага маълум ва машҳур  бебаҳо меросимизга айланган энг нодир куй ва ашулалар ижро этилди.

Тадбир давомида А.Навоий шеъриятининг мазмун-моҳияти хусусида илмий-таҳлилий шарҳлар ўқиб эшиттирилди.

Мазкур кечада Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати бағишлаб ЎзММСИ томонидан эълон қилинган танлов натижалари бўйича билан “Энг яхши мақом хонандаси”, “Энг яхши мақом созандаси”, “Энг яхши достон ижрочиси”, ҳамда “Энг яхши мусиқашунос” номинациялари ғолиблари тақдирланди.

Охирги янгиланиш: 02.03.2021 | 17:25