27 Январь 2021
Маданият вазирлигида матбуот анжумани бўлиб ўтди

Хабар бериб борганимиздек, бугун Маданият вазирлигининг тадбирлар залида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар МаҳкамасинингМаданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шериклик асосида бериладиган давлат мулки объектларининг рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2021 йил 20 январдаги 30-сонли қарорининг мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Мазкур қарор қабул қилиниши ортидан интернет нашрлари ҳамда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда бир қатор маданият ва санъат объектлар, шу жумладан боғлар ва кинотеатрларни давлат хусусий шерикчилиги асосида тадбиркорларга берилиши хусусидаги хабарлар ортидан турли
баҳс-мунозаралар юзага келган эди.

Шуларни инобатга олган ҳолда, матбуот анжуманида Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Ж.Носиров, вазир ўринбосари – Маданий мерос департаменти бошлиғи К.Акилова, Инвестицияларни жалб қилиш ва маданий туризмни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи У.Асқаров, Маданият муассасалари ва ҳаваскорлик санъатини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қ.Аманкулов ҳамда бошқарма мутасаддилар иштирок этди.

Матбуот анжуманига ташриф буюрган ОАВ вакилларига мазкур қарор ортидан кутилаётган натижа, унинг аҳамияти хусусида батафсил тушунтиришлар берилди. Хусусан, маданият ва санъат соҳасида давлат мулки объектлари уларнинг ушбу соҳадаги фаолият турини сақлаб қолиш шарти билан давлат-хусусий шериклик асосида берилиши қарорнинг асосий мезони эканлиги, маданий мерос объектларига тегишли эмаслиги алоҳида қайд этиб ўтилди ҳамда уни амалга ошириш механизми борасида мутасаддилар томонидан тушунчалар берилди.

Матбуот анжуманида вазирликнинг ҳудудий бошқармалари, тизим ташкилотлари ҳамда ОАВ вакиллари ZOOM платформаси орқали ҳам онлайн иштирок этишди.

 

Матбуот ва ахборот хизмати

Охирги янгиланиш: 02.03.2021 | 17:25