20 Январь 2021
РАСМИЙ МУНОСАБАТ

2021 йил 18 январь куни “nasafnews.uz” сайтида Қашқадарё вилояти Нишон туманида жойлашган  маданият маркази бўйича танқидий мақола эълон қилинган эди. 

Нишон туман маданият бўлими тасарруфида 7 та маданият маркази мавжуд бўлиб, шундан 4 та маданият маркази Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июндаги 178-сонли қарорига мувофиқ маҳаллий бюджетдан 2 млрд 105 млн 400 минг сўмга ҳамда 1 та маданият маркази «Обод қишлоқ» давлат дастури доирасида 6 млрд 947 млн сўмга қайта реконструкция қилиниб фойдаланишга топширилди.

Ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда Нишон тумани Пахтакор МФЙ, Мерос кўчаси 1-уйда жойлашган туман маданият маркази биноси ҳамда Балхияк МФЙ ҳудудида жойлашган «Гулистон» маданият маркази биноси таъмирталаб аҳволда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 26 майдаги ПФ-6000-сон Фармони билан тасдиқланган «2020-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъатни янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури»нинг 25-банди ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 29 сентябрдаги 07/1-1240-сон топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маданият марказлари фаолиятини ҳамда уларни методик таъминлашни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Мазкур қарор лойиҳаси вазирлик ва идоралар билан келишилиб, ҳозирда Молия вазирлиги билан ишланмоқда.

Мазкур қарор лойиҳасининг иловаси билан тасдиқланадиган 2021-2024 йилларда Маданият маркази учун янги бинолар қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича манзилли рўйхатда Нишон тумани Пахтакор МФЙ, Мерос кўчаси 1-уйда жойлашган туман маданият маркази биносини 2022 йилда реконструкция қилиш ҳамда Балхияк МФЙ ҳудудида жойлашган «Гулистон» маданият маркази биносини 2023 йилда капитал таъмирлаш режалаштирилган.

Охирги янгиланиш: 02.03.2021 | 17:25