25 Декабрь 2020
Ўзбекистон халқ артисти Сойиб Хўжаев таваллудининг 110 йиллиги кенг нишонланди

Куни кеча, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида Ўзбекистон халқ артисти, кулги устаси, узоқ йиллар Ўзбекистон давлат мусиқали театрида самарали ижод қилган ўзбек театр санъати ривожига қўшган улкан устоз санъаткор Сойиб Хўжаев таваллудининг 110 йиллигига бағишланган юбилей кечаси бўлиб ўтди.

Мазкур юбилей кечаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 ноябрдаги 503-ф-сон фармойишида таваллуд саналарини нишонланадиган ижодкорлар ва олимларнинг юбилей тадбирларини кенг миқёсда ўтказиш бўйича белгиланган.

Хотира кечасини Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов очиб, Сойиб Хўжаевнинг актёрлик салоҳияти ҳамда унинг театр ва кино санъатида тутган юксак мавқейи ҳақида фик билдириб ўтди.

Сойиб Хўжаевнинг фарзанди, иқтисод фанлари доктори, профессор Маъмурхўжа Хўжаев сўзга чиқиб, отасининг фарзандларига бўлган сўзсиз меҳр-муҳаббатини ёрқин хотираларини сўзлаб берди.

Ўзбекистон халқ артистлари Эркин Комилов, Ёдгор Саъдиев Сойиб Хўжаев билан қилган ижодий ҳамкорликлари ҳамда рўй берган қизиқ ҳангомаларни ҳикоя қилишди.

Табрик сўзидан сўнг, Ўзбекистон халқ артисти Сойиб Хўжаев ижод йўли ҳақида ҳикоя қилувчи 15 дақиқали ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Ўзбекистон халқ артисти, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри солист-вокалисти Мариям Ихтиёрова Сойиб Хўжаев билан партнёр бўлиб бир неча роллар ижро этганлиги, улкан санъаткор импровизация устаси эканлиги ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашди.

Ўзбекистон драма театри артисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Мадина Тўхтаева ва Муножот Тешабоева ҳам С.Хўжаев ҳақида илиқ таассуротларини сўзлаб, қўшиқ ижро этилди.

Охирги янгиланиш: 23.01.2021 | 15:02