16 Октябрь 2020
ТИЛ-миллат тафаккурининг бебаҳо хазинаси

Ўзбекистон Давлат хореография академияси ташаббуси билан академия профессор-ўқитувчилари, хусусан академиянинг катта ўқитувчиси Ҳулкар Ҳамроева томонидан Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда "Тил миллат тафаккурининг бебаҳо хазинаси" мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

 

Ўзбекистонда ислоҳотлар жараёнида давлат тилининг ўрни ва аҳамияти давра суҳбатининг асосий мавзуси бўлди. Тадбирга шу соҳада қалам тебратаётган, кўплаб шогирдларга илм, таълим-тарбия бериб келаётган устозлар, Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар гуруҳи аъзолари таклиф этилди. Йиғилганлар Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлари доктори Баратов Миродил Ҳамиджонивич ва филология фанлари номзоди, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, Ўзбекистон давлат хореография академиясининг катта ўқитувчиси Ҳамроева Ҳулкар Ҳамидуллаевнанинг маърузаларини катта қизиқиш билан тинглашди.

Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари ва Республика Ташқи ишлар вазирлиги раҳбариятининг хайрихоҳлиги билан 2018 йилда махсус 3654 - сонли фармон эълон қилинган эди. Ушбу фармонга биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи ишлар вазирлиги тизимида Таржимонлар бюроси фаолиятини ташкил этиш ҳақидаги алоҳида фармойиш эълон қилинди. Мазкур фаолият доирасида 15 та хорижий тил амалиётга киритилди. Булар инглиз , немис, француз, форс, итальян, араб, турк, ҳинд, хитой, корейс ва япон тили каби тиллардир. Давра суҳбатида устозлар билан бир қаторда малакали таржимонлар ва билимга чанқоқ ёш дипломат таржимонлар, Ўзбекистон давлат хореография академияси талабалари иштирок этишди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Таржимонлар бюроси раҳбари Иқболжон Солиев биргаликда маданий-маърифий тадбирлар, нотиқлик санъати бўйича маҳорат дарслари ўтказиш мақсадида Ўзбекистон давлат хореография академияси билан шартнома имзолашга тайёр эканлигини билдирди.

Тадбир қизғин савол – жавоб руҳида ўтди.

Охирги янгиланиш: 20.10.2020 | 11:22