14 Октябрь 2020
Шаҳрисабз давлат музей - қўриқхонасидаги гажак тақинчоқ
Бухоро заргарлиги қадим тарихга эга бўлиб, XVI асрда шаҳарда заргарларнинг тими ишлаб турган, бу ерда кўплаб устахоналарда қимматбаҳо маъданлар – олтин ва кумушдан аъло даражадаги хилма - хил заргарлик тақинчоқларини ясовчи усталар ишлаганлар.
 
Улар маъданларга турли хил ишлов берганлар, бу– боғлаш, қуйиш, қирқиш, сайқаллаш, олтин суви югуртириш ва сирлашдир. Буюмларда “мум-фольга” техникасидан ва фақат Бухорода учайдиган “тешик феруза” ноёб усулидан фойдаланилиб, тиллақош, гажак, зебигардон, сочпопук, зулфи тилло, моҳитилло, қўшбозбанд ва туморлар ясаганлар.
Жумладан, Шаҳрисабз давлат музей - қўриқхонаси жамламасидаги Бухоро заргарлик мактабига тегишли “гажак” тақинчоғи алоҳида аҳамият касб этади. “Гажак” хотин – қизларнинг чакасига тақиладиган тақинчоғи ҳисобланиб, у олтин, кумуш каби қимматбаҳо ашёлардан жуфт қилиб ясалган. Асосан бодом шаклида бўлиб, икки илгагининг бири бош кийимга ёки сочга, иккинчи қисми қулоққа мустаҳкамланган. Ўтган асрларда бундай зебу зийнат буюмлар юзаси майда феруза кўзлар билан безатилган. Гажакларнинг асосига маржонли шокилалар уланган, орқа томонида эса қуш пати ўрнатишга мўлжалланган найчалари бўлган.
Экспозициядаги гажак тақинчоғи барлос уруғи вакилларидан ҳисобланган Боймуҳаммад бобога XIX аср охирларида отасидан мерос қолган. Кейинчалик Боймуҳаммад қизи Қуйсинтош Боймуҳаммадовага топширилган. 2016 йилда музейга тақдим этилган. Тақинчоқнинг юза қисми босма услубда нақшланиб, олтин суви юритилган, феруза, маржон тошлар билан безалган, ён томонларида шокилалари мавжуд.
 
 
Шаҳрисабз давлат музей - қўриқхона матбуот котиби Соҳиба Очилова
Охирги янгиланиш: 20.10.2020 | 11:22