06 Октябрь 2020
“Ичан-қалъа” музей-қўриқхонаси ходимлари кўчма кўргазма ўтказишди

Ёшларимизни Ватан тарихи ва маданияти ҳақида билимларини бойитиш мақсадида Хива шаҳар 11 ва 17 – сонли мактабларда “Ичан-Қалъа” Давлат музей-қўриқхонаси илмий ходимлари томонидан замонавий технология асосида кўчма кўргазма ташкил этилди.

 

Кўчма кўргазмада ўқувчиларга Хоразмда топилган археологияга оид ноёб экспонатлар ҳақида маълумот берилди. “Ичан-Қалъа” Давлат музей-қўриқхонаси фондининг нодир буюмлари Археологик топилмалар тўпламидаги неолит ва бронза даврига оид тош ва бронзадан ишланган меҳнат ва ов қуроллари, терракота ва ҳайкалчалар, пичоқсимон кремний пластинкалар, суяк игналар, мунчоқлар, мис қўнғироқчалар бундан ташқари антиқ даврга оид сопол хум, кўза, кўзачалар ва бошқа буюмлар Қадимги Хоразм тарихидан гувоҳлик беради. Узоқ ўтмиш тарихидан гувоҳлик берувчи ашёлар ўтган асрнинг 30 – 40-йилларида С.П.Толстов, Яҳё Ғуломов бошчилигидаги Хоразм археологик-этнографик экспедицияси археолог олимлари томонидан олиб борилган илмий экспедициялар натижасида топилган.

Кўргазмани ташкил қилишдан мақсад, ўқувчиларда Хоразмда яшаётган ҳар бир инсоннинг миллати, дини ва тилидан қатъий назар ватанпарварлик руҳида, қадимий моддий ва маънавий, маданиятнинг масканларидан бири бўлмиш бу ҳудуднинг жонкуярлари этиб тарбиялаш ва уларнинг ўз Ватанига, халқига бўлган, ота боболаримиз томонидан қолдирилган тарихий меросини қадрлаш каби туйғуларни камол топтиришдан иборат.

Музей-қўриқхона бўлими мудири Д.Тошпўлатова ва етакчи мутахассис Н.Худайбергановалар замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш орқали кўчма кўргазмаларни ўтказишнинг янги услубини амалиётга жорий қилишда илк қадамларни қўйишгани келгусида ушбу услубни қулай ва афзал томонларини инобатга олган ҳолда бошқа мавзулардаги кўчма кўргазмаларни самарали ташкиллаштириш учун кенг йўл очди.

Барча экспозиция бўлимларига музей-қўриқхонанинг 2020 йил иш режасида белгиланган навбатдаги кўчма кўргазмаларни ўтказишда мазкур услубдан фойдаланиш тавсия этилади.

Охирги янгиланиш: 16.04.2021 | 18:08