01 Октябрь 2020
Бебаҳо касб шарафи. УСТОЗЛАРГА ТАЪЗИМ!!!

Дунёда ҳар бир касбнинг ўз ўрни, аҳамияти бор. Лекин одамзод туғилибоқ ўргатувчига, устозга эҳтиёж сезади. Не-не даҳоларнинг ҳам устози бўлган. Шу боис уларни бебаҳо касб эгалари дея шарафлаймиз.

Шу ўринда мен Навоийдек буюк даҳонинг ҳам устози, ҳам дўсти бўлган Абдураҳмон Жомийнинг ўқитувчилар ҳақидаги таърифини келтирмоқчиман: “Устод, муаллимсиз қолса гар замон, Нодонликдан қора бўларди жаҳон!”

Ўқитувчилар шаънини юксакларга кўтарувчи ушбу икки мисра таърифдан ортиқ яна нима дейиш мумкин?! Демак, жаҳонга ёруғлик, инсоният онгига илм-маърифат қуёшини бахш этувчи табаррук устоз, ўқитувчи мураббийларимиз ҳар қанча эъзозу эҳтиромга муносиб. Буюк мутафаккир Алишер Навоий бобомиз таъкидлаганларидек, улар берган илму ақл билан олам юзини обод, яхши ҳулқ билан олам элини шод қилгувчи комил фарзандларимиз ҳам шу азиз устозларнинг заҳматли меҳнатлари туфайли инсонийлик мақомига эришганлар. Маънавият, маърифат, маданият ва санъат бобида миллатимиз обрў-эътиборини намойиш қилганлар.

Назаримда устоз фақат ўз сабоқлари, ўқиган чуқур илмий маърузалари билангина эмас, юриш, туриши, дунёқараши, яшаш тарзи, атрофидагиларга муомаласи билан ҳам устоздир. Ёки ўзидан қолдирган бебаҳо мероси, асарлари, яратган ажойиб образлари билан ҳам устозлик мақомига муносибдир. Шу маънода мен мактабдаги меҳрибон ўқитувчиларим, институтдаги ва санъат сирларини жон куйдириб ўргатган санъатдаги устозларим, давлат ва жамоат ишларини муваффақият билан олиб боришимда маънан қўллаб-қувватлаган фидойиларимизни ҳам Устоз дея ардоқлагим келади. Ҳатто, баъзи ҳолларда ўз эътирози билан қандайдир хулосалар берадиган кишиларни ҳам ўқитувчи, ўргатувчи дея ҳурмат қиламан...

Айниқса, ўқитувчи-мураббийларнинг қадрини одамларга эслатиб қўйган пандемия шароитида ҳам бир ҳикмат кўргандек бўлдик. Ахир, ота-оналар ҳар қандай хавотирларини жиловлаб, карантин қоидаларига қатъий амал қилиб фарзандларини мактабга, меҳрибон ўқитувчиларига ишониб юборишларининг ўзи ҳам бу бебаҳо, шарафли касб эгаларининг меҳнатлари нечоғлик улуғ, жамият учун зарур эканлигини кўрсатмаяптими?

Буни чуқур ҳис этган давлатимиз раҳбарининг ушбу заҳматли касб эгаларини мунтазам рағбатлантиришга ҳаракат қилаётгани, чиқишларида эҳтиром билан сўзлашлари мамлакатимизда ЎҚИТУВЧИ, УСТОЗ, МУРАББИЙ номи улуғ, касби шарафли эканининг яна бир исботидир. Шукрки, шундай эътибор, эътироф, эъзозу эҳтиромга муносиблар кўп орамизда. Улар ҳаётимиз чироғи, жамиятимиз таянчидир. Куни кеча 1 октябр – Ўқитувчи мураббийлар куни билан шарафли касб эгаларини онлайн тарзда табриклаган муҳтарам Президентимизнинг самимий сўзлари, маърифатправар боболаримиз А.Авлоний, М.Беҳбудий ва Мунавварқори Абдурашидхонов каби маърифатпарвар боболаримиз орзу қилган уйғониш, юксалиш даври – “Учинчи Ренессансни” бошлаб берадиган заковатли инсонлар сифатида ишонч билдирганлари фикримиз исботидир.

Маданият вазирлиги тизимида олий таълим муассасалари ва таълим-тарбия масканларида ҳам шундай лаёқатга эга ўқитувчи ва мураббийлар фидокорона меҳнат қилмоқдалар. Бугунги кунда 340 та таълим муассаларида 16 минг нафар ўқитувчи ва концертмейстерлар, маданият ва санъатимиз дарғалари ёш авлодга таълим бериб, миллий маданиятимиз ва санъатимиз ривожи йўлида хизмат қилмоқдалар.

Азизу муҳтарам устозлар, ўқитувчи ва мураббийларимиз! Касб байрамингиз муборак бўлсин!

Эзгуликка йўғрилган хайрли саъй-ҳаракатларингиз самаралари, ўқувчи ва шогирдларингиз меҳри, камоли, ютуқлари ҳамиша қалбингизга шодлик, чеҳрангизга ёруғлик бахш этсин!

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков

 

Охирги янгиланиш: 16.04.2021 | 18:08