28 Сентябрь 2020
Маданий ҳамкорликнинг янги қирралари

Кейинги   тўрт йилда республикамизда халқимизнинг маънавий-маърифий савиясини юксалтириш,  хореография  санъатини ривожлантириш, ўзбек мумтоз ва фольклор  рақсларининг ноёб намуналарини, ўзига хос ижро мактаблари, маданий мерос ва  анъаналарини асраб-авайлаш ҳамда  такомиллаштириш мақсадида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Маънавий мерос инсонларнинг бир - бирига  бўлган ўзаро муносабатлари асосида шаклланиб, сайқалланиб боради. Миллатларнинг маърифий - маданий алоқалари қадриятларнинг авлодлардан  - авлодларга ўтиши ва  бойиб бориши жараёнида ривожланади, халқаро  миқёсга  чиқади. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг   “Рақс санъати соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда “Миллий рақс санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қабул қилган қарорлари жамият тараққиётида улкан ҳодиса бўлиши билан бир қаторда маданият ва санъат ходимлари, соҳага оид олий ўқув юртлари зиммасига катта масъулият  юклайди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон давлат хореография  академиясида 2020 йил  25 сентябрда “Марказий Осиё халқларининг маданий ҳамкорлик истиқболлари”  мавзуида  ўтказилган 1 Халқаро илмий-амалий  онлайн  анжуман муҳим аҳамият касб этади. Унда   Марказий Осиё  билан бир қаторда Россия, Белоруссия, Туркия халқлари маданияти ва санъати тарихи  ҳамда  истиқболига оид долзарб мавзулар кўтарилганлигини алоҳида таъкидлаш керак.Анжуманни кириш сўзи билан  Ўзбекистон давлат хореография академияси ректори Шуҳрат Маҳмутович Тохтасимов очди. Ўзбекистон давлат хореография академияси  “Хореография” кафедраси профессори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, “Дўстлик” ордени соҳибаси Ў.Муҳамедованинг “Ўзбекистонда миллий рақс санъатининг ривожланиши: кеча ва бугун”, Беларусь давлат маданият ва санъат университети хореография кафедрасининг мудири, профессор С.В.Гутковскаянинг (Беларусь Республикаси) “Бугунги кун хореография санъати: муаммо ва истиқболлар”, Москва давлат хореография академияси ўқув ишлари бўйича проректори, фалсафа фанлари доктори, профессор С.М.Оленевнинг  (Россия) “Хореографик таълимга масофавий таълим технологияларини жорий этишнинг замонавий муаммолари”, Ардаҳан университети Гўзал санъатлар факультетиТурк тамал мусиқаси бўлими доктори, профессор Б. Матёқубовнинг (Туркия)   “Форобийнинг мусиқий мероси”, Қозоғистонда хизмат кўрсатган артист, санъатшунослик номзоди, Қозоғистон миллий хореография академияси профессори Т.О.Ізімнинг  Олий ўқув юртларида илмий-услубий лабораторияларнинг роли, Москва давлат хореография академияси доценти, Замонавий санъат институти  профессори, Россия Федерациясида хизмат кўрсатган маданият ходими,  маданият соҳасида Россия ҳукумати Давлат мукофоти совриндори, санъатшунослик номзоди А.А.Меланьиннинг (Россия)  Балет артисти мақомини белгилашда маҳаллий ва хорижий тажрибалар, Ўзбекистон давлат хореография академияси “Санъат назарияси ва тарихи” кафедраси катта ўқитувчиси, филология фанлари номзоди Ҳ.Ҳамроеванинг  “Ўзбек миллий рақс санъатини тарғиб этишга бағишланган веб-сайт ва мультимедиа маҳсулотлари тўпламини яратиш” мавзуидаги  маърузалари анжуман қатнашчиларида катта тааассурот қолдирди. 

Ўйлаймизки, бу Халқаро анжуман дўстлик ва биродарлик ришталарини янада  мустаҳкамлайди ҳамда   маданий – илмий - ижодий ҳамкорлик ривожида   янгиланаётган Ўзбекистонннинг  янги тамаддуни тарихидаги бутунлай  янги овози сифатида    алоҳида саҳифа очади.

 

Охирги янгиланиш: 16.04.2021 | 18:08