25 Сентябрь 2020
Маданият вазирининг Қуйи Чирчиқ туманидаги маданият марказларига ташрифи

Бугун Маданият вазири Озодбек Назарбеков Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани маданият бўлимига қарашли “Беруний” ҳамда “Отажонов” маданият марказлари фаолияти билан танишди.

“Беруний” маданият маркази қайта таъмирлангандан сўнг янада чирой очиб, туман аҳолисининг севимли масканига айланиб улгурди. Бу ерда айниқса ёшлар учун ташкил этилган эстрада хонандалиги, хор, рассомчилик, миллий рақс каби 8 та йўналиш бўйича тўгараклар фаолият олиб бормоқда. Бир кунда 100-120 нафар ёшларни қамраб олаётган мазкур марказда “Донгди” корейс миллий маркази ва унинг музейи ҳам жойлашган. Ташриф чоғида О. Назарбеков маданият маркази фаолияти билан чуқур танишар экан, бу ерга янада кўпроқ ёшларни жалб қилиш орқали уларнинг санъатга бўлган қизиқишларини ошириш ва маданиятни тарғиб қилишга кўпроқ эътибор қаратилиш лозимлигини таъкидлади.

Тумандаги “Отажонов” маданият маркази ижодкор ёшлари ҳам вазир ташриф буюрган дақиқаларда қизғин ижод жараёни билан машғул эдилар.

– Ёшларнинг кўзларида ижодга ташналик, санъатга меҳрни кўрсам доим қувонаман. Республикамизда бугун 826 та маданият маркази фаолият олиб бораётган бўлса, уларнинг ҳар бирида мана шундай ҳақиқий истеъдод эгалари тарбияланмоқдаки, бу ёшлар ўзбек санъатида ўз ўрнига эга бўлган йигит-қизлар бўлиб камол топишига ишонаман”- деди О.Назарбеков тўгарак аъзолари билан суҳбатда.

Шунингдек, туманда мақом санъатини тарғиб қилиш, нафақат Бухоро йўналиши, балки, Тошкент, Фарғона, Хоразм йўналишлари бўйича ҳам репертуарларни бойитиш бўйича тегишли тавсияларни берди. Вазир ташриф якунида Қуйи Чирчиқ туманидаги “Беруний” маданият марказида Республика филармония жамоалари кўрик-танловини, “Отажонов”да эса Мақом жамоалари кўрик танловларини ташкил этиш бўйича таклифларни илгари сурди.

Охирги янгиланиш: 16.04.2021 | 18:08