25 Сентябрь 2020
Маданий мерос объекти вайрон қилинишига Маданият вазирлиги бефарқми?!

Маданий мерос объекти вайрон қилинишига Маданият вазирлиги бефарқми?!

Халқаро «Олтин мерос» хайрия жамоат фонди раиси Амирқул Каримовнинг xabar.uz сайтида 2020 йил 24 сентябрда эълон қилинган «Маданий меросимиз вайрон қилинмоқда!» – Қашқадарёдаги вандализм ҳолати ҳақида номли мақоласи бўйича Археология тадқиқотларини назорат килиш ва археология ашёлари давлат каталогини юритиш бўлими бошлиғи Алишер Ёрқулов ўша жойга бориб масалани атрофлича ўрганиб Маданият вазирлигига қуйидагича маълумот берди.

Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди раиси Амирқул Каримовнинг “Маданий меросимиз вайрон қилинмоқда!” – Қашқадарёдаги бузғунчилик ҳолати ҳақидаги мулоҳазаси face.book тармоғидан олиниб xabar.uz сайтида 2020 йил 24 сентябрда эълон қилинган. Мақолада шўролар даврининг охирларида қарийб 12000 деб рўйхатга олинган маданий мерос объектлари ҳозирги кунда 9000 яқин қолди деб даъво қилинган.

Ўзбекистон ССР Министрлар советининг 1973 йил 21 декабрдаги “Архитектура, тарихий-бадиий ва археология ёдгорликларини давлат муҳофазасига олинганлиги рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 539-сонли қарори қабул қилинган. Унда 25000 атрофидаги ёдгорликлар рўйхати келтирилган.2008 йилга келиб кўп йиллик тадқиқотлар, изланишлар ва рўйхатга янги объектларнинг киритилиши натижасида 7550 та объект маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган.

 

2018 йилдаги Маданий мерос объектларини хатловдан ўтказилиши натижасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846-сонли қарори қабул қилинган. Ушбу қарорга асосан ҳозирги пайтда Республикамизда 8208 та маданий мерос объектлари мавжуд.

Шу билан бирга, ҳозирги пайтда ҳам Республика миқёсида моддий маданий мерос объектларини ўрганиш, аниқлаш ишлари давом этмоқда.

 

Мақола муаллифи ёзганидек, 30 йил ичида юзлаб тепаликлар йўқ қилинмаган. Тўғри, кўплаб моддий маданий мерос объектларига зарар етказилган. Бугунги кунда бундай ҳолатларни бартараф этиш мақсадида ҳуқуқ-тарғибот органлари билан биргаликдаги ишларимиз изчиллик билан давом этмоқда. Мақола муаллифи Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги Сандалтепа, Киндиктепа, Шляпатепа каби археология мероси объектлари аҳволини ҳақида гапириб, тупроғидан ғишт қуйилаётганлигини тасвирлар орқали кўрсатган.

Лекин, бу расмлар юқоридаги объектларга мос келмаслигини мавжуд суратларни солиштириш орқали ҳам билиш мумкин. Келтирилган объектлардан “Шляпатепа” номи билан аталган археология объекти Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатида мавжуд эмас.

Айни кунларда Қашқадарё вилоятининг барча туманларида ҳуқуқ тарғибот органлари билан биргаликда барча моддий маданий мерос объектларининг аҳволи ўрганиб чиқилмоқда.Ўрганишлар натижасида нафақат Сандалтепа, Киндиктепа археология мероси объектларининг, балки барча моддий маданий мерос объектларининг аҳволи ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишимиз мумкин бўлади.

 

 

Охирги янгиланиш: 16.04.2021 | 18:08