22 Сентябрь 2020
Мақсадимиз устоз-мураббийларга эҳтиром кўрсатиш

Маданият вазирлигида Республика миқёсида “1октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни”га бағишланган байрам-концерт дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда муҳокама қилиш юзасидан ижодий йиғилиш ўтказилди. Унда Маданият вазири Озодбек Назарбеков, оммавий байрам ва давлат тадбирларини ўтказиш бўйича масъул режиссёр Рустам Шамсутдинов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вакиллари бўлган шоир, ёзувчилар иштирок этди.

Устоз ва мураббийлар кунига бағишланган бу йилги байрам дастури ҳар икки Ренессанс даврида дунёни лол қолдирган буюк алломаларимизнинг босиб ўтган йўлини намоён этиш ҳамда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан кўрсатиб берилган тараққиётимизнинг асосий омили ҳисобланган - учинчи Ренессанс даврини тарғиб этиш ғояси илгари сурилган.

Аввалги байрам дастурларидан фарқли равишда Она - заминимизда таваллуд топган ҳамда дунё илм-фани ва тамаддунига ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг барча даврларда олиб борган фаолиятлари босқичма-босқич кўрсатилади. Жумладан, биринчи Ренессанс даврида Ал-Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Маҳмуд Қошгарий, Юсуф Хос Ҳожиб каби буюк даҳолар шуури оламни ёритган бўлса; иккинчи Ренессанс даврида яшаган - Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Лутфий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод каби буюк алломаларимиз ўзи яшаган даврда бугун ҳам дунё аҳлини лол қолдирган асарлар яратганликларини барчамиз яхши биламиз. Президентимиз Ш.М. Мирзиёев ўз нутқида - “Ҳар икки Ренессанс даврида биз дунёнинг илғор, мутараққий халқлари қаторида эдик. Агар яна шундай даражага эришмоқчи бўлсак, Учинчи Ренессансни амалга оширмоғимиз зарур” – деб таъкидлаши бежиз эмас.

Шунингдек, дастурда асосий урғу бугунги кунда дунё миқёсида кечаётган Пандемия шароитида Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган устоз ва мураббийларнинг масъулиятни ҳис қилиб мардонавор равишда шогирдларига таълим бериш жараёни, юртимизда фаолият олиб бораётган ижод мактабларида ўқувчиларга яратилган шарт-шароитларни намойиш қилиш режалаштирилди. Мақсад юртимизда илм-фан ривожига ҳисса қўшаётган устозларнинг қадр қимматини ошириш ва уларга эҳтиром кўрсатишдан иборат.

Охирги янгиланиш: 16.04.2021 | 18:08