19 Сентябрь 2020
Тайинлов

Зокиров Азизжон Райимжонович 2006 йили Ўзбекистон давлат консерваториясини “Мусиқашунослик” мутахассислиги бўйича тамомлаган “Мусиқий шарқшунослик” - ҳозирги “Ўзбек мақоми тарихи ва назарияси” кафедрасида катта ўқитувчи лавозимида ишлаб келмоқда.

“Ўзбек мусиқаси тарихи”, “Халқ куйларини ноталаштириш” фанларидан талабаларга дарс бериб, уларнинг миллий мусиқа меросимизга бўлган қизиқишларини илмий - услубий томондан кенг фаоллаштирмоқда. “Мусиқашунослик асослари”, “Ўзбек мақоми тарихи ва назарияси” каби маърузавий фанларни ҳам юксак маҳорат билан олиб бормоқда.

А.Зокиров Ўзбекистон давлат консерваторияси докторанти мустақил тадқиқотчи сифатида ҳам изланишлар олиб бормоқда. Унинг диссертация мавзуси - “Фарғона-Тошкент мақомларининг ижрочилик анъаналари” деб номланиб, ҳимояга тақдим этиш арафасида.

2018 йилда “Мақом санъати миллий бастакорлик ва композиторлик ижодиётида” номланган халқаро илмий грант муаллифи, илмий-педагогик фаолиятининг маҳсули сифатида: 2006 йили ҳаммуаллифликда “Мухторжон Муртазоев” монографик ўқув қўлланмасини нашрдан чиқарди, бир қатор долзарб мавзулардаги илмий мақолалар муаллифи сифатида Халқаро ва Республика матбуотларида эълон қилди. Жумладан, “Марғилонлик Болта Ҳофиз” (2007), “Мумтоз хонандаликда жўровозлик анъанаси” (2009), “Анъана давомчилари (Чоргоҳ ансамбли фаолияти)” (2008), “Марғилон ижрочиларининг негизи - “Катта ашула” (2009), “Ҳазрат Алишер Навоий асарларида “Ғино” (2011), “Алишер Навоий ва мусиқа” (2011), “Марғилон ҳофизлик анъаналари” (2012), “Икки тилда сўзлашувчи бир халқ” (2018), “Илк мақом анжумани”, “Ҳофизликда жўравозлик анъаналари - замановий маданият кесимида” (2019) қуйидаги адабиётларни яратди ва бошқалар.

А.Зокиров Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси аъзоси. Ўзининг касбий малакаси, тафаккури, педагогик фаолиятдаги талабчанлиги билан ҳамкасблар ва талабалар орасида катта ҳурмат ва эътиробга сазовор бўлган мутаҳассис.

Зокиров Азизжон Райимжонович Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида Ўқув ишлари бўйича проректор лавозимига тайинланди. Бўлажак мақомшунос, мусиқашунос олимга юксак ишонч ила мувафаққиятлар тилаб қоламиз.

Охирги янгиланиш: 16.04.2021 | 18:08