18 Сентябрь 2020
Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти жамоаси шакллантирилди

Бугунги кунда Ўзбекистонда мақом санъатини янада ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, мақом марказлари, мақомга ихтисослаштирилган мактаблар, мақом фестиваллари жорий этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори асосида янги ташкил этилган Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ҳам мақом санъатини ривожлантиришдаги саъй-ҳаракатларнинг натижасидир.

Ушбу таълим муассасасида мақом санъатини елкасида кўтариб юрган, бу борада катта ҳаётий тажрибага эга устоз мураббийлардан иборат жамоа шакллантирилди. Бугун Маданият вазири Озодбек Назарбеков ушбу олийгоҳнинг янги таркибдаги жамоаси билан танишиб, олий таълим муасасаси олдида турган келгусидаги вазифалар ва режаларни муҳокама қилди.

Учрашув чоғида ёшларга замонавий таълим беришнинг инновацион ва креатив усулларидан фойдаланишда устоз-мураббийлардан янгича ёндошув ва замонавий методлар талаб қилиниши айтиб ўтилди. “20 йиллик тажриба ҳам баъзида иш бермаслиги мумкин, шу боис институтнинг ҳар бир ходими ўз устида мунтазам ишлаши зарур. Бизнинг даргоҳдан Махмуджон Тожибоев каби санъаткорлар етишиб чиқиши керак. Забардаст мақом билимдонлари эса бармоқ билан санарли. Биз ҳар томонлама имкониятларимизни ишга солиб, Республикада барча олий таълим муассасаларига ўрнак бўладиган олийгоҳ сифатида фаолият олиб боришимиз лозим”, деди О.Назарбеков.

Учрашув давомида институтнинг проректорлари зиммасига катта вазифалар юкланиши алоҳида таъкидланди. Ва бу лавозимларда Ўқув ишлари бўйича Азиз Зокиров ҳамда Илмий ишлар ва инновациялар бўйича санъатшунослик фанлари доктори, доцент Ирода Дадажонова проректор сифатида ўз фаолиятини бошлагани айтиб ўтилди.

Охирги янгиланиш: 16.04.2021 | 18:08