14 Сентябрь 2020
Муҳими, ҳамкор танлашда адашмадик

Мана, нафақат туркий халқлар, балки бутун дунёга маълуму машҳур, барчанинг ҳурматини қозонган «Текден фильм» ва «Бўздағфильм» бошқарув кенгаши раиси Меҳмет Бўздағ билан танишиб, ҳамкорлик қилаётганимизга ҳам икки йил бўлибди.

Бу инсонга ҳурматим, айниқса, унинг сценарийси ва продюсерлигида яратилган “Эртугрул” сериалини томоша қилганимдан сўнг янада ошди. Ушбу киноасар жуда мукаммал яратилгани учун ҳам бутун тарихга бўлган муносабатим тубдан ўзгарди. Ва ўшанда Президентимиз топшириғи билан, яъни Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши йўлида белгиланган Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ миллатимизнинг асл қаҳрамони Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги тарихий сериални суратга олиш ишларини айнан шу инсон кўмагида амалга оширишимиз мумкинлигини тушундим.

Дўстимизга ҳамкорлик таклифини берганимда, билдирган фикрларидан танлов борасида адашмаганимни-да англадим. Тарихни яхши кўрадиган, бунда ҳар бир детални назардан четда қолдирмайдиган, асосийси, ўзбек миллатини севадиган, унга билдирилган ишончни оқлаш йўлида бутун тарихий асарларимизни, адабиётларимизни катта қизиқиш билан ўқиб-ўрганган инсон, ўз касбининг ҳақиқий устаси билан ҳамкорликда ишлаётганимдан хурсандман.

Биз ушбу фильм орқали ўзбек миллатини бутун дунёга олиб чиқишимизга, ҳаммага асл тарихимизни кўрсата олишимизга ишонамиз. Бунинг учун ҳар биримиз бор кучимизни ишга соламиз.

Насиб этса, яқин кунларда, аввало, халқимизга “Мендирман Жалолиддин” телесериалини тақдим этамиз.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири О.Назарбеков.

Охирги янгиланиш: 24.09.2020 | 09:27