27 Июль 2020
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг маданият ва санъат аҳлига мурожаати

Ассалому алайкум ҳурматли ҳамкасблар, маданият ва санъат аҳли!

Бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонда ҳам коронавирус билан боғлиқ жараён кескин тус олмоқда. Халқимиз жорий йил бошида ўз олдига катта мақсадлар қўйган эди. Бутун дунёга тарқалган коронавирус инфекцияси март ойида юртимизга кириб келди-ю, режалар ўзгариб кетди. Давлатимиз биринчи навбатда одамлар соғлиғини сақлаш чораларини кўрди.

Афсоналарда айтилишича, Одам Ато яратилаётганда унга майин куй орқали жон бахш этилган. Мусиқа ва табобат орасидаги мутаноссиблик инсоният яратилгандан бери мавжудлиги ҳеч кимга сир эмас. Кўҳна Юнонистонда ва Кўҳна Шарқда беморларни мусиқа билан даволашга ҳаракат қилишган. Пифагор ва Арасту ҳам мусиқанинг турли хилдаги даволаш воситаларига қараганда кучлироқ шифобахш воситалари ҳақида айтиб ўтган.

Тақдир тақозоси билан араб диёрида юрган Ал-Хоразмийдан икки усул: сўз билан даволаш ва дори-дармон билан даволашдан қайси бири сизга маъқул деб сўраганларида у зот учинчиси деб жавоб берган. Бу гапдан ҳамма ҳайрон бўлиб қолган. -Менинг Ватанимда қадим замонлардан бери касалликларни даволашда сўз, дори-дармонлар ва мусиқадан фойдаланадилар. Менга моҳир созанданинг созидан чиққан ҳар қандай ҳазин куй ҳар қандай доридан яхши таъсир қилади ва шифо ато этади,- деб жавоб қайтарган экан.

Яна бир ривоятда айтилишича, табобат илмининг султони Абу Али Ибн Сино бемор болани даволамоқчи бўлибди. Аммо бола вафот этибди. Боланинг танасини очиб кўрган табибнинг кўзи боланинг юрагини қоплаган пардага тушибди. Айнан шу парда юракни уришдан тўхтатиб қўйган экан. Бу ҳолдан афсусланган Ибн Сино шундай деган экан: «Агарда шу болага уриб чалинадиган мусиқа асбоби (доира) ёки танбур чалишни ўргатганимда, бу ҳолат умуман вужудга келмаган, бола ўлмаган бўларди».

Бу ривоятларни беҳудага эсламадим. Бизга ибн Сино ва Ал-Хоразмий каби буюк бобокалонларимизнинг мурожаатидир бу. Бугун бутун башарият синовли кунларни бошидан ўтказмоқда. Ҳаттоки, техника мўжизаси, фан ва соҳалар тараққиёти, замонавий медицинани ожиз қолдирган бу балони тезроқ бартараф этиш мақсадида бутун дунёда унга қарши аёвсиз кураш кечмоқда. Ҳар куни минглаб инсонларнинг ёстиғини қуритаётган, болаларни етим қолдириб, оналарни бўзлатаётган қоронавирусдек ашаддий заҳри қотилни енгишда ҳар биримиз ўзимизнинг бор куч ғайратимизни, матонатимизни намойиш этмоғимиз лозим. Шундай вазиятда маданият ва санъат соҳаси вакиллари ҳам бир тану бир жон бўлиб бу офатни енгишда ўз ҳиссасини қўша олса, она Ватан ва халқ олдидаги бурчини адо этган бўларди. Демак биз бугун биргаликда, Соз ва сўз сеҳри ила халқимиз дардига малҳам бўлиб, иқтидоримиз ва маҳоратимизни шифо йўлида сарф қилайлик.

Бугун Интернет ва ижтимоий тармоқларда шов-шувли янгиликлар, вахимали хабарлар, ахборот хуружи авж олиб халқни саросимага солиб қўймоқда. Бу каби ортиқча информациялар эса одамни стрессга бошлайди. Стресс иммунитетни туширишини барчамиз биламиз. Шундай вазиятларда санъат, куй, мусиқа сеҳри бироз бўлсада инсонлар қалбига таскин бериш билан бирга уларда позитив кайфиятни жонлантиради. Хуш кайфият эса ҳар-қандай депрессияни енгишига, муаммоларни бартараф этиб, киши руҳини муҳаббат билан озиқлантиришига ишонаман. У муҳаббат, Аллоҳга, ота-онага, юртга, фарзандларга, суюкли ёрга, дўстларга ёинки ҳаётга бўлган севгисини янада мустаҳкамлайди.  Келинг шундай синовли дамларда биз ҳам халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончи ва ҳаётга муҳаббатини ошириш учун ҳам ҳузурбахш наволар, ёқимли оҳангларга лиммо лим бўлган, инсонларда ҳаётни севишга чорловчи куй-қўшиқлар яратайлик, яхшиликлар улашайлик.

Эзгу мақсадларимиз йўлида бир дам бўлсин хотиржамликка берилмасдан карантин қоидаларига амал қилишни ҳам асосий вазифаларимиз қаторида билишимиз муҳим. Куни кеча Давлатимиз раҳбари пандемияга қарши кураш стратегияси ва тактикасини тубдан ўзгартириш кераклаги ҳақида гапирар экан, ҳозирги пандемия шароитига мос энг кучли, энг таъсирчан воситаларни ишга солиш зарурлигини таъкидлади.

– Бу курашда давлат ва хусусий тиббиёт тизими, барча идораларнинг доимо сафарбар ҳолатда бўлиши ва самарали ишлаши, шифокорларнинг фидойилиги, халқимизнинг онглилиги бизнинг асосий қуролимиз бўлиши шарт, фақат тезкор ва мунтазам сафарбарлик, темир интизом, тиббий маданият, юксак онглилик билангина биз бу офатга қарши кураша оламиз. Юртбошимиз ва ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган бу каби саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаган ҳолда маданият соҳаси вакиллари ўз садоқатини намоён этадиган фурсатлар келганини ҳис қилиши лозим. Оиламиз, фарзандларимиз, юртимиз тақдири учун ўзимизнинг масъуллигимизни оширайлик.

Шундай экан ҳар биримиз ҳозирги синовли кунларда ҳукуматимиз томонидан жорий этилган карантин тартиб-қоидаларга амал қилишимиз, уйда қолиб зарурат бўлмаса кўчага чиқмаслигимиз лозим. Зарурат туғилганда эса, ниқобларни тақишни унутманг! Қанчалик соғинган бўлсангизда, ота-онангиз, фарзандларингиз ва яқинларингизнинг ёнига борманг! Оилада ҳам қучоқ очиб кўришманг, мулоқот пайтида масофани сақланг! Сиз каби сабр бардошли, олижаноб инсонлар билан бирга истиқболли ва гўзал манзилларда яна кўришамиз.

Ўзингизни ва яқинларингизни асранг!

 

Охирги янгиланиш: 08.08.2020 | 21:10