21 Июль 2020
Хотира

Хотира

Сурат ва сийратнинг боқий умри

Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, А.Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати, “Дўстлик”, “Эл-юрт ҳурмати” орденлари нишондори Шукрулло Юсупов оламдан ўтди.

Пиру бадавлат отахоннинг 100 йиллигини нишонлаш арафасидаги нохуш айрилиқ ўзбек адабиёти осмонидаги яна бир ёрқин юлдузни сўндирди. Начора, улуғ шоиримизнинг ўзи таъкидлаганидек: “Ўлим ҳақ эканми, ўн бор ўлсам кам, сенинг эркинг учун севикли халқим...”

Ҳаётини ўз халқи эрки учун пойдор қилмоқни афзал билган оташин шоирнинг садоқатини тақдир салкам бир асрлик умр билан сийлади. Балки, бу ижодкорнинг самимийлиги, инсоний фазилатларининг муносиб баҳосидир...

Аслида ўзининг сермаҳсул ижоди, чуқур фалсафий, ҳаётий асарлари билан ўзбек адабиёти саҳифаларига мангу битилган Шукрулло Юсупов сиймоси бу қутлуғ йўлни танлаганлар учун ибрат намунасидир. Тақдир зарбаларига мардона туриб берган матонатли инсоннинг асарларида ҳам ана шу сабр-тоқат, садоқат, заҳматли меҳнат самаралари акс этиб туради. Шоирнинг болаларга аталган “Юлдузлар”, “Баҳор совғаси” каби шеърий тўпламлари, “Икки қоя”, “Кўнгил чироғи”, “Чоллар”, “26-тонг отари”, “Гул ва оташ” каби достонлари, “Хатарли йўл”, “Тўйдан кейин томоша”, “Табассум ўғрилари” каби драматик, “Кафансиз кўмилганлар” (автобиографик), “Қасосли дунё”, “Тирик руҳлар” каби мақолалар тўплами ва романлари, “Жавоҳирлар сандиғи” номли эссе ва қатор таржима асарлари адабиётимиз ихлосмандларининг севимли асарларидандир. Мен, айниқса, “Кафансиз кўмилганлар” асарини ўқувчилик давримдаёқ катта қизиқиш билан ўқиганман. Адибимизнинг ва бошқа миллат фидойиларининг қатоғон йилларидаги кечмишлари мени чуқур ҳаяжонга солган. Балки, шундан кейинги шукроналик билан кечган ҳаёти исми-жисмига монанд инсон Ш.Юсупов умрининг бардавомлигини таъминлагандир...

  • шоир, ёзувчи, драматург Шукрулло отамиз вафоти муносабати билан унинг оиласи, фарзандлари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. Халқимиз ардоғидаги шоирнинг ёрқин хотираси қалбларимизда мангу яшайди...

О.Назарбеков, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири

Охирги янгиланиш: 08.08.2020 | 21:10