25 Июнь 2020
ЖАМОАТЧИЛИК АСОСИДА ТАШКИЛ ЭТИЛАЁТГАН ЎЗБЕКИСТОН БАХШИЛАР УЮШМАСИ ТАҚДИМОТИ

Минг йилликлар қаъридан бизгача етиб келган дурдона қадриятларимиз, урф-одатларимиз ҳамда бебаҳо маросимларимизни асраб-авайлаш, халқ оғзаки ижодиётининг қадимий анъаналарини тиклаш ва миллий қадриятларни изчил ривожлантириш мамлакатимиз маънавий-маданий тараққиётини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Халқ оғзаки ижодининг бетакрор намунаси бўлмиш достонлар ҳамда бахшичилик санъати халқимизни, қолаверса, ёшларни эзгуликка ва нурафшон кунларга етаклаб келмоқда.

  • Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 14 май ПҚ-4320-сон қарорнинг 7-бандида кўрсатилган Бахшичилик санъати йўналишида “устоз шогирд” анъаналарининг сақланиши ва ривожланишини таъминлаш мақсадида жамоатчилик асосида Ўзбекистон темир йўллари раҳбарияти ҳамда Маданият вазирлиги ҳамкорлигида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тасарруфидаги Темирйўлчилар маданият саройида Ўзбекистон бахшилар уюшмаси ташкил этилди. Ушбу хона замонавий мебеллар, бахшилар учун керак бўладиган чолғу асбоблари ва ҳар бир ҳудудга хос бўлган бахшиларнинг кейимлари ҳамда ўқув адабиётлар билан тўла-тўкис жиҳозланди.

Уюшманинг асосий мақсади бахшилар фаолиятини мувофиқлаштиришдан иборат. Шунингдек Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш борасида Муҳтарам Президентимиз томонидан қарор ижросини таъминлаш, бахшиларимиз репертуарларини таҳлил этиш, жойларда ўтказиладиган кўрик- танловларни юқори даражада ташкил этиш, республикамизда ҳар икки йилда ўтказиладиган Халқаро бахшилар фестивалида ташкилий-ижодий ишларга амалий ёрдам кўрсатиш каби вазифаларни амалга оширади.

Ўзбекистон бахшилар уюшмасининг очилиш маросимида Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги Тўра Мирзаев, профессор Азамат Ҳайдаров, соҳа олимлари, филология фанлари доктори, профессор Маматқул Жўраев, филология фанлари доктори Шомирза Турдимов, профессор Жаббор Эшонқуловлар иштирок этдилар. Келгусида уюшмада Бахшичилик санъатини янада ривожлантиришга қаратилган мавзуларга оид суҳбатлар, савол-жавоб кечалари ҳамда ижодий учрашувлар бўлиб ўтади.

 

 

Охирги янгиланиш: 03.07.2020 | 20:41