29 Май 2020
Маданият ва санъат ривожига катта эътибор

Мамлакатимизда барча соҳалар каби маданият ва санъат ривожига катта эътибор берилмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда бу соҳа равнақини янги босқичга кўтариш бўйича улкан ишлар қилинмоқда. Бой маданий меросимизни тиклаш ва ўрганиш мақсадида амалга оширилаётган лойиҳалар, халқаро тадбирлар, янги ижодий мактаблар, илмий марказлар ташкил қилинаётгани, истеъдодли ёшларимизнинг иқтидорини юзага чиқаришда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар бунга яққол мисолдир.

Давлатимиз раҳбари деярли ҳар бир учрашувлари, маърузаларида маданиятимиз ва санъатимизни ривожлантириш, соҳада ечимини кутаётган долзарб муаммоларга алоҳида тўхталиши бежиз эмас. Зеро, маданияти равнақ топган ва уни қадрлайдиган халқ ҳамиша ҳурматга сазовор бўлади, у орқали тарих зарварақларига битилади.

Маълумки, сўнгги 3 йилликда соҳага оид 30 га яқин фармон ва қарорлар қабул қилинди. Уларнинг ижроси бўйича қизғин иш олиб борилмоқда.

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори маданият ва санъат аҳли ҳаётида яна бир қувончли воқеа бўлди.

Президентимиз қабул қилган мазкур фармон ва қарорларини эшитиб, ўқиб очиғи, жуда хурсанд бўлдим. Айниқса биз ижод аҳлига жуда катта ғамхўрликлар ва имкониятлар яратилди ушбу фармон ва қарор орқали.

Мен учун энг қувонарлиси, 15 апрель – “Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни” деб белгилангани. Шу кунга қадар маданият ва санъат соҳаси ходимларининг алоҳида куни белгиланмаган эди. Бу эса, биз каби соҳа ходимларининг қаддини кўтариб, юртбошимиз томонларидан эътироф сифатида қабул қилиниб, бизга маънавий озуқа берди десам муболаға бўлмайди.

Таъкидлаш жоизки, узоқ йиллардан буён маданият ва санъат соҳасида муаммо ва масалалар йиғилиб қолган эди. Мазкур фармон ва қарор билан ушбу муаммолар тўлиқ ечилиши белгилаб берилди. Фармон ва қарорнинг ҳар бир бандида маданият ва санъат соҳасининг барча қатламларидаги мавжуд муаммолар ечими ҳамда келгусидаги режалар қамраб олинганлигини кўришимиз мумкин. Хусусан,

Давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги концерт, маданият саройлари ва бошқа муассасаларида тўлиқ жонли ижрода ўтказиладиган концерт дастурлари учун 50 % миқдорида чегирмалар берилди. Шунингдек, ижодкорлардан концерт-томоша тадбирига бир марталик рухсатнома бериш учун ундириладиган йиғим бекор қилинди. Давлат органлари томонидан ўтказиладиган тадбирларда концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслар хизмат кўрсатганда албатта ёзма ва ҳақ эвазига тузиладиган шартнома тузилиши белгиланди.

Бу нимани беради? – албатта, санъаткорлар ўртасида соғлом рақобат бозорини яратишга имкон беради.

2020 йил 1 сентябрдан бошлаб кўчма цирклар томонидан ўтказиладиган томоша тадбирларига оммавий тадбир ўтказиш учун рухсатнома ва рухсат бериш хусусиятига эга бошқа ҳужжатларни олиш талаб этилмайди. Бунда тадбир ташкилотчилари уни ўтказиш жойи ва вақти тўғрисида ички ишлар органларини камида 10 кун олдин ёзма равишда хабардор қилиши кифоя қилади. Кўчма цирклардан давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги маданият ва истироҳат боғлари, спорт иншоотлари, сайилгоҳлар ва бошқа очиқ ҳудудларда томоша тадбирлари ўтказиш учун ижара ва бошқа турдаги тўловлар ундирилмайди. Шунингдек, бундай тадбирларда тегишли органлар томонидан жамоат тартиби ва ёнғин хавфсизлигини тўлов ундирилмаган ҳолда таъминланади. Бу эса ўз навбатида кўнгилочар томоша тадбирларининг сифати ва сонини оширишга хизмат қилади.

Театрлар фаолиятида ҳам муҳим эътиборга молик ўзгаришлар амалга оширилади. Хусусий театрларни, театр-студияларни ривожлантириш янги босқичга кўтарилади, негаки ушбу ҳужжат билан Маданият вазирлиги томонидан харид қилинган, оммавий ижрога мўлжалланган драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарларни 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб хусусий театрларда ҳам саҳналаштириш ва ижро этишга рухсат этилди.

Қувонарлиси, ижодкорларимизнинг кўп йиллик орзуси ушалиб, 2021 йилда вилоятимизда Қўғирчоқ театри ташкил этиладиган бўлди.

Бола қалбида кичик ёшиданоқ ҳалоллик, ростгўйлик, ватанпарварлик, меҳр-муҳаббат, инсоний фазилатларни камол топдирувчи масканлардан бири айнан қўғирчоқ театрлари ҳисобланади. Болалигидан санъатга ошно бўлиб улғайган ҳар бир инсон маънавиятли шахс сифатида шаклланган бўлади. Театрлар чин маънода маънавият, маданият масканларидир.

Шунингдек, 2020 йил сентябрь ойидан бошлаб давлат музейларида ҳар ойнинг биринчи якшанбаси “очиқ эшиклар куни” деб эълон қилинди. Мазкур кунларда фуқаролар музей ашёлари ва музей коллекцияларини кириб кўриш учун давлат музейларига бепул киритилади. Бу бевосита аҳолининг музейларимиз билан танишуви, уларни ўрганишга бўлган қизиқишларини оширишга кўмак беради.

Яна бир муҳим янгилик, 2020–2025 йиллар давомида босқичма-босқич ҳар бир туман ва шаҳарда тарих ва маданият давлат музейларининг филиаллари шаклида ўлкашунослик музейлари ташкил этилиши ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган музейлар, уларнинг филиал ва бўлимлари рўйхатига киритилиши орқали музейлар сони ошиб, ҳар бир ҳудуд аҳолисининг маданий эҳтиёжлари қондирилишига замин яратилишидир.

Шунингдек фармонда кўчма цирк ва ҳайвонот боғларини ташкил этиш, маданият марказлари, мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид  чора-тадбирлар айниқса, чекка ҳудудлар аҳолисининг маданий салоҳиятини юксалтиришга кенг йўл очиб бериши билан муҳим саналади.

Президентимиз таъкидлаганларидек, юртимизда маданият ва санъат тараққий этмаса, жамият ривожланмайди. Бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда яратилаётган шароитлар бизга ифтихор билан бирга жуда катта масъулият юклайди.

Бир сўз билан айтганда, биз Президентимизга содиқ бўлиб, олиб бораётган изчил, одилона сиёсатларига ҳамоҳанг ёндашамиз.

 

 

 

Навоий шаҳар Маданият

бўлими бошлиғи

С.Бабакулов

Охирги янгиланиш: 08.08.2020 | 21:10