29 Май 2020
МАДАНИЯТ ВА САНЪАТ ХАЛҚНИНГ МАЪНАВИЙ БОЙЛИГИ

Фармонга муносабат

 

МАДАНИЯТ ВА САНЪАТ ХАЛҚНИНГ МАЪНАВИЙ БОЙЛИГИ

 

2020 йил 26 май куни Президентимиз томонидан “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 2020–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъатни янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Мазкур икки ҳужжатда маданият ва санъат соҳасидаги долзарб вазифалар аниқ-равшан белгилаб берилган. Жумладан, театр инсонда эзгу фазилатларни шакллантириб, ибратхона вазифасини бажарса, музейлар тарихимизнинг жонли ўтмишидан сўзлайди, санъат эса кишининг эстетик дидини шакллантиради. Фармонда ушбу соҳани янада риволжлантиришнинг йўллари белгилаб берилди. Очиғини айтадиган бўлсак, шу пайтгача аксарият истеъдодли санъаткорларимиз етишмаслиги туфайли ўз концерт дастурларини уюштира олмаганлар. Фармонда белгиланган имтиёзлар туфайли энди уларга ҳатто пойтахтда ҳам ўз ижодини кенг намойиш қилиш имконияти яратиб берилди. Муаллифлик ҳуқуқининг ҳимоя қилиниши эса санъаткорларнинг ўз устида ишлашига, изланишига, ижодий ҳамкорликнинг янги уфқларини яратишига замин яратади.

Эътиборли томони, қарор билан маданият вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлимлари тизимида ҳам бир қатор ўзгариш ва янгиликлар жорий этиладиган бўлди. Ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш, уларни рағбатлантириш имкониятлари кенгайтирилди. Вазирлик ҳузуридаги Маданий мерос департаменти ва унинг барча ҳудудий бошқармалари тузилмасида тегишлича юридик шахс мақомига эга бўлмаган Бадиий экспертиза бошқармаси ҳамда бадиий экспертиза бўлимлари ташкил этилади. Вазирлик ҳузуридаги Маданий мерос илмий-тадқиқот институтига бир қатор ҳуқуқ ва ваколатлар берилди.

Фармон билан санъаткорларимиз учун бир қанча имтиёз ва қулайликлар яратилгани ҳам санъат аҳлини хурсанд қилди.

Жорий йилнинг январь-март ойларида вилоятимиздан 650 нафар хонанда, созанда, раққоса, операторлар лицензия олиш учун ҳужжат топширган. Бу республика бўйича энг юқори кўрсаткичдир. Фармон билан концерт-томоша тадбирига бир марталик рухсатнома бериш учун ундириладиган йиғимнинг бекор қилиниши, аввало, санъаткорларимиз учун жуда катта имкониятдир. Битта концерт қўйиш санъаткор учун қанчалик қийинлигини бу санъатнинг ичида юрганлар яхши билади. Ҳар бир концерт учун ижара ҳақи, реклама, техник жиҳозлар, солиққа тўланадиган пуллар ва бошқа ҳаражатлар ҳисобланиб, чипта нархи белгиланарди. Энди жонли ижрода куйлайдиган санъаткорларимиз концерти учун ижара ҳақи 50 фоизга камайтирилиши ўз-ўзидан чипта нархининг пасайишига замин яратади. Энг муҳими, санъаткорларнинг энди ижодий изланиши, жонли куйлашга, янги асарлар яратишга астойдил интилади. Ҳақиқий санъат ихлосмандлари эса қийналмай концертларга туша олади, залларимиз мухлислар билан тўлади. Жамият аъзоларининг барча қатламлари ўзининг маънавий-маданий эҳтиёжларини қондириш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатасининг ташкил этилиши санъаткорларнинг муаллифлик ҳуқуқини тартибга солади. Шоир ва бастакорларнинг, истеъдодли қўшиқчиларнинг меҳнати қадрланади.

Фармонда театрлар фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Маданият вазирлиги томонидан харид қилинган, оммавий ижрога мўлжалланган драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарларни 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб хусусий театрларда ҳам саҳналаштириш ва ижро этишга рухсат берилди. Театрларнинг молиявий қўллаб-қувватланиши янги-янги асарлар яратилишига, театрлар орасида ижодий рақобат муҳитининг шаклланишига туртки бўлиши шубҳасиз.

Давлатимиз раҳбарининг фармонида театрлар фаолиятини ҳар тамонлама ривожлантириш кўрсатиб ўтилди. Шу билан бирга тизимдаги муаммолар ва эътибордан четда қолган айрим масалалар қайд этилиб, хусусан, лапар ва айтишувлар ҳамда хусусий театрларга эътиборни кучайтириш кўрсатиб ўтилди. Аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган, халқимиз миллий маданиятини ўзида жо қилган қўғирчоқбозлик томошаларига ҳам эътибор берилди. Ўзбек миллий қўғирчоқ театри мактабининг шаклланиши ва ривожидаги беқиёс ҳиссасини инобатга олиб, Республика қўғирчоқ театрига Ўзбек Миллий қўғирчоқ театри номи берилди. Бундай эътибор юртимиздаги барча қўғирчоқ театрлари жамоалари зиммаларига жуда катта масъулият юклайди.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ноталар тўпламлари ва махсус мусиқий адабиётларнинг Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети маблағлари ҳисобидан чоп этилиши ва уларнинг таълим муассасаларига тўлиқ етказилиши, ҳар бир ҳудудда кўчма цирклар (шапито, дорбозлар гуруҳлари) ҳамда ҳайвонот боғлари ташкил этилиши ҳам ушбу ҳужжатда ўз аксини топганлиги ғоятда эътиборлидир.

Халқимизга хос маданият ва санъат бугун бутун дунёни лол қолдираётгани барчамизга сир эмас. Ўз тарихини, миллий ва маъданий меросини унутмаган, уни кенг тарғиб қилган халқ эса буюкдир.

Хуллас, Муҳтарам Президентимиз томонидан имзоланган ушбу фармон нафақат санъат ва маданият ходимлари, зиёлилар учун эмас, азалдан таьби юқори даражада бўлган санъат ва маданият, илм-маърифатни юксак қадрлайдиган халқимиз учун жуда катта воқеа бўлди, десак айни ҳақиқатни гапирган бўламиз.

Хўжақул МУҲАММАДИЕВ,

Самарқанд вилояти

Маданият бошқармаси бошлиғи.

 

Охирги янгиланиш: 08.08.2020 | 21:10