28 Май 2020
Реставрация — бу мардикорлик эмас

Ҳар бир мамлакатнинг жаҳондаги мавқеи унинг ер усти ва ости бойликлари билан эмас, балки унинг маданият тарихи билан белгиланади. Барча цивилизация тарихига эга бўлган мамлакатлар ўзининг маданий ёдгорликлари, шу жумладан архитектура обидалари билан умуминсоний манавият бойликларига хисса қўшиб келмоқда. Маълумки, Ўзбекистон ўта бой цивилизация тарихига эга. Унда маданий қадриятлар, шу жумладан архитектура ёдгорликлари кўп бўлиб, ўзига хос ансамблларни ташкил этади.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач маданий қадриятларга бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Биринчидан, мамлакатимизда миллий ўзликни англаш, тарихий ҳақиқат ва адолатни тиклаш йўлида чексиз имкониятлар туғилди. Иккинчидан, ижтимоий-сиёсий тафаккурнинг совет мафкураси ва унинг ғоявий қолипларидан халос этилиши, ошкоралик ва ҳурфикрлилик туфайли илгари сохталаштириб келинган тарихни тиклаш, уни ҳаққоний ва холисона ёритиш учун катта имкониятлар яратилди. Учинчидан, тарихий ҳақиқатни тиклаш ва уни халққа етказиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди ҳамда бу борада улкан ишларни амалга оширишга киришилди. Айниқса, 2001 йилда қабул қилинган "Маданий мерос объектларини мухофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилиниши бу соҳада катта ўзгаришлар яратди.

  • Республикаси Президентининг 2020 йил 26 майдаги “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва 28 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш бўйича тизимли ишларнинг мантиқий давоми бўлди ҳамда соҳадаги муаммоларни бартараф этишга, маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга хизмат қилади.

Айни кунда Ўзбекистонда жами 8208 та моддий маданий мерос объектлари мавжуд бўлиб, улардан 4748 таси - археологик ёдгорликлар, 2250 таси - меъморий ёдгорликлар, 678 таси - монументал санъат ёдгорликлари ҳамда 532 таси диққатга сазовор жойлардир.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан 2018 йилда партия дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, "Маданий мерос объектларини мухофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг жойлардаги ижроси партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия ташкилотлари ва Маданият вазирлиги вакиллари томонидан ўрганилди.

Ўрганиш давомида моддий маданий мерос объектлари хатловдан ўтказилганда, афсуски, 259 таси буткул йўқотилгани, объектларнинг атиги 34 фоизининг кадастр ҳужжатлари мавжудлиги, бор-йўғи 29,5 фоизига муҳофаза белгилари ўрнатилгани аниқланган.

Шунингдек, ЮНЕСКО ҳузуридаги Умумжаҳон мероси қўмитаси 2016 йил 13 июлдаги йиғилишида Шаҳрисабз тарихий маркази хавф остида турган Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилди. Бундан ташқари, Самарқанд шаҳрида ўтказилган таҳлил натижаларида шаҳарнинг тарихий қиёфаси ва муҳитига салбий таъсир этадиган 159 та кўп қаватли бино ва иншоотлар қурилгани аниқланди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, партия томонидан Маданият вазирлигига моддий маданий мерос объектлари муҳофазасини кучайтириш чора-тадбирларини кўриш, соҳага тегишли норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш каби тавсиялар тақдим қилинди.

Уларнинг натижасида “Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ишлаб чиқилди. Унга кўра, моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳамда давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш бўйича жавобгарликни кучайтириш, Маданий мерос департаментининг мансабдор шахсларига маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ваколатини бериш, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида асрашга доир ишларни амалга ошириш фаолиятини лицензиялаш каби масалаларни қамраб олган.

Соҳага оид энг муҳим муаммолардан бири бу, моддий маданий мерос объектларини реставрация қилиш масаласидир. Маълумки, тарихий обидаларни реставрация килишдан мақсад архитектура ёдгорликларини аввалги ҳолида қайта тиклаш ва консервациялаш, келажак авлодларга мукаммал равишда етказишдир. Ушбу соҳада эса мамлакатимизда малакали мутахассисларга талаб юқори. Реставрация ишлари билан шуғулланувчи кадрларнинг етишмаслиги сабабли кўплаб тарихий обидалар оддий усталар томонидан таъмирланмоқда. Унинг натижасида эса, маданий мерос объектига жиддий салбий таъсир кучаймоқда.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, профессор Бахтиёр Сайфуллаев таъкидлаганидек, «Биз реставрация мактабини бой бердик, бу жуда ҳам ачинарли. Ҳозир биз бу мактабни халқаро тажриба асосида тиклаяпмиз, ўз ҳунарини авлоддан авлодга қолдириши керак бўлган барча реставраторларни йиғяпмиз. Реставрацияга ўргатиш қийин, реставрация — бу мардикорлик эмас, илм».

Давлатимиз раҳбарининг “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида Тошкент архитектура-қурилиш институти, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ва Ўзбекистон миллий университетида маданий мерос объектларини реставрация (консервация) қилиш бўйича йўналишларни ташкил қилишнинг белгилангани, Ўзбекистон маданий меросини, асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти фаолиятини қўллаб қувватлаш, маданий мерос масалалари бўйича ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Халқаро маслаҳат қўмитасини ташкил этиш режалаштирилгани соҳадаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиб, маданий мерос объектлари муҳофазаси билан боғлиқ ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 майдаги “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва 28 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларни қўллаб-қувватлайди ва уларнинг жойлардаги ижросини таъминлашда депутатлик ҳамда парламент назоратини кучайтиради.

 

Дониёр Тошбоев,

ЎзМТДП Марказий кенгаши бўлим бошлиғи

Охирги янгиланиш: 08.08.2020 | 21:10