22 Май 2020
Мусиқа ва санъат мактабларида қолдирилган дарслар ёзги таътил даврида ўтилади

 

Бугун Самарқанд вилоятида фаолият юритаёган 30 та болалар мусиқа ва санъат мактабларида 8147 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Ушбу масканларда болалар санъатнинг 14 та йўналишида, жумладан, фортепьяно, торли, дамли зарбли чолғулар, халқ чолғулари, анъанавий ва эстрада чолғу ижрочилиги, хореография, тасвирий ва амалий санъат каби йўналишларда малакали устозлардан сабоқ олмоқда.

Мазкур мактабларда ҳар бир йўналиш бўйича ўқувчиларнинг билимлари якка тартибда ёки жамоавий тарзда мустаҳкамланади. Давлат ва синфдан синфга кўчириш имтиҳонлари болаларнинг чорак давомида ўрганган куйлари, асарлари ва мусиқа назариясига оид билимлари асосида ўтказилади.

Хўш, бу йил ўқувчилар қай тартибда йилни якунлайди? Карантин вақтида мусиқа ва санъат мактаблари машғулотларни қай тартибда олиб борди?

- Юртимизда эълон қилинган карантин сабаб Маданият вазирлигининг “Тасарруфдаги таълим муассасаларида масофавий таълимни ташкил этиш тўғрисида”ги буйруғига асосан барча таълим муассасаларида масофавий  дарс ўтиш тартиби йўлга қўйилди, - дейди вилоят маданият бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Рустам Ҳайитов. - Муассасалардаги барча ўқитувчилар ота-оналар билан ҳамкорликда ташкил этилган телеграм гуруҳлари орқали машғулотларни олиб борди. Вилоятимиздаги барча болалар мусиқа ва санъат мактабларида 730 якка ва 352 гуруҳли дарслар  масофавий онлайн шаклда, 6613 нафар ўқувчиларни қамраб олган тарзда ўтказилиб келинмоқда. Мусиқа назарияси бўйича мутахассислар ўқувчиларга мавзуларни аудио ва видео орқали тушунтирган бўлса, амалий жиҳатдан ўқитувчилар ота-оналар ёрдами билан ўқувчиларга таълим беришга ҳаракат қилди.

Аммо айрим йўналишлар бўйича дарсларни масофадан ташкил қилишнинг имкони бўлмади. Яъни, жамоавий машғулотлар, хор, ансамбль дарслари ёки бўлмаса, халқ чолғу асбобларидан рубобни ўрганаётган ўқувчиларга бошқа чолғу асбобларидан дарслар уйида мусиқа асбоби йўқлиги учун ёзги таътилга қолдирилди. 575 нафар ўқитувчи ва жўрнавозларга ёзги таътил кунлари машғулотларни ташкил этади.

Ўқув режасига кўра, дарслар ўтилиб, давлат ҳамда синфдан синфга кўчириш имтиҳонлари онлайн тарзда ўтказилади. Вилоятимизнинг чекка ҳудудларидан ҳисобланган Қўшработ, Пахтачи туманларида ҳам онлайн машғулотлар ташкил қилинди.

Карантин даврида Маданият вазирлиги томонидан “Уйдаги юлдузлар” танлови эълон қилиниб, унда болалар мусиқа ва санъат мактабларининг мингдан ортиқ ўқитувчи ва ўқувчилари санъатнинг барча йўналишларида иштирок этди.

24-27 март кунлари Москвада ўтказилган “Синяя Птица Гжели-2020” 37-халқаро болалар, ўсмирлар ва талабалар ижодий ишлари танловида Паст Дарғом туманидаги 11-болалар мусиқа ва санъат мактабининг тасвирий ва амалий санъат синфи ўқитувчи ва ўқувчилари ранг-тасвир йўналишида фахрли ўринларни қўлга киритди.

Демак, истеъдодли ёшларимиз ҳар қандай шароитда ҳам ўз устида ишлайди, санъатини дунёга намойиш эта олади.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.

 

Охирги янгиланиш: 25.05.2020 | 14:12