21 Май 2020
21 май – “Халқаро маданиятлар хилма-хиллиги ва мулоқот куни”

2002 йилнинг 21 май куни БМТ Умумий Ассамблеяси тавсияси билан илк маротаба “Халқаро маданиятлар хилма-хиллиги ва мулоқот куни” нишонлаш маросими ӯтказилди. Бу куннинг номини БМТ Умумий ассамблеясига ЮНЕСКО ташкилоти тавсия қилган эди. Бугун мазкур сана муносабати билан Ўзбекистонда халқаро маданий алоқалар ривожини таҳлил қилсак.

Мамлакатимизда маданий соҳада ўзаро самарали халқаро муносабатларни ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда. Буни сўнгги йилларда миқёси тобора қулоч ёзаётган халқаро тадбирлар мисолида кўришимиз мумкин. Юксак савияда ташкил этилаётган фестиваллар, конференция ва анжуманлар Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини мустаҳкамлаб, маданиятимизга бўлган қизиқишни оширмоқда.

Шарқ мумтоз адабиёти, тасвирий санъат, илм ва маърифат, исломий қадриятларни уйғунлаштирган мақом санъатига бўлган ҳурмат мамлакатимизда илк бор ўтказилган Халқаро мақом санъати анжуманида ўз ифодасини топди. Унда дунёнинг 73 давлатидан келган 300 га яқин иштирокчилар ва меҳмонлар қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2019 йилнинг 5-10 апрель кунлари Термиз шаҳрида ўтказилган I халқаро бахшичилик санъати фестивали санъат оламидаги энг муҳим тадбирлардан бири сифатида халқаро жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Мазкур тадбирда 74 та давлат ва 2 та хорижий ташкилот (ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО)дан жами 167 нафар хорижий меҳмонлар иштирок этди.

Ушбу фестиваллар доирасида илмий-амалий конференция, хорижий ва Ўзбекистон санъати усталарининг якка концертлари, Халқаро кўрик-танловлар ўтказилди. Шунингдек, сайиллар, мамлакатимизнинг дунёга машҳур шахслари ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида замонавий усулда саҳналаштирилган дастурлар, кўргазмалар, ўзбек, форс, араб, инглиз ва рус тилларида нашр этилган илмий-тадқиқот асарлари ҳамда илмий-маърифий адабиётлар намойишлари бўлиб ўтди.

2019 йилнинг 11-13 июль кунлари Марғилон шаҳрида бўлиб ўтган "Буюк ипак йўли" халқаро фольклор санъати фестивалида Италия, Германия, Франция, Канада, Жанубий Корея, Малайзия, Россия, Ҳиндистон, Туркия, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Япония, Эрон, Польша, Мўғулистон, Дания каби 20 га яқин давлат ҳамда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан келган санъат усталари, фольклор жамоалари, бадиий ансамбллар иштирок этди. Фестиваль доирасида фольклор санъати йўналишида илмий изланиш ва тадқиқотлар олиб бораётган 40 га яқин олим ва мутахассислар иштирокида «Буюк ипак йўлида фольклор санъатининг ривожланиш жараёнлари» мавзуида халқаро илмий–амалий конференция ўтказилди.

Шу йили 26-30 август кунлари Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивали ўтказилди. Фестиваль Ўзбекистоннинг “ташриф қоғози”га айланган, десам муболаға бўлмайди. У йиллар давомида дунё халқлари ўртасидаги тинчлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, Шарқ халқлари мусиқа санъатини ривожлантириш ва унинг аҳамиятини янада ошириш, Ўзбекистон ҳамда бошқа давлат халқларининг мусиқа санъати анъаналарини қамраб олиш, улар билан яқиндан илмий ва ижодий мулоқот олиб бориш ҳамда ҳамкорлик қилиш, Шарқ мамлакатлари мусиқа санъати анъаналарини асраш, маданий мулоқотни янада ривожлантиришга хизмат қилиб келмоқда. 2019 йилги фестиваль дастуридан 200 нафардан ортиқ истеъдодли хонанда ва созандалар, миллий симфоник оркестр ва рақс жамоалари чиқишлари ўрин олди. Фестивалда 75 та давлатдан 340 нафар вакил қатнашди.

Миллий рақс санъатимизни тарғиб қилиш, мамлакатимизда туризмни янада ривожлантириш мақсадида ҳар йили Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида “Рақс сеҳри” халқаро фестивали ўтказилади. 2019 йилнинг 14-16 сентябрь кунлари ўтказилган фестивалда Англия, Италия, Франция, Голландия, Россия, Малайзия, Ҳиндистон, Хитой, Индонезия, Польша, Грузия, Озарбойжон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон каби 10 дан ортиқ хорижий давлатдан 50 га яқин раққос ва рақс гуруҳлари қатнашди. Шунингдек, Англия, Италия, Франция, Нидерландия, Россия Федерацияси, Кувайт, Малайзия, Ҳиндистон, Хитой, Индонезия, Польша, Грузия, Озарбойжон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон каби давлатлар вакиллари иштирок этдилар.

Мунтазам равишда ташкиллаштирилган Ўзбекистоннинг хориждаги ҳамда хориждаги Ўзбекистон маданият кунлари халқлар ва миллатларни бир-бирига ҳамоҳанглигини кучайтирувчи воситалардан бирига айланди. Хитой, Въетнам, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистонда ўтказилган маданий тадбирларимиз халқаро жамоатчилик эътирофига сазовор бўлди.

2017 йилда Москвадаги Пушкин номидаги Тасвирий санъат музейида Ўзбекистоннинг дунёга машҳур Савицкий музейида сақланадиган суратлар кўргазмаси очилди. "Нукус хазинаси" деб номланган кўргазмада Савицкий музейидаги авангард ва поставангард йўналишида ижод қилган рассомларнинг 200 га яқин асарлари, кулолчилик намуналари ва Қорақалпоғистонда топилган айрим археологик экспонатлар намойиш этилди.

Россия Федерациясининг Москва шаҳрида 2019 йил 30 май – 2 июнь кунлари бўлиб ўтган “Интермузей – 2019” халкаро фестивалида илк бор “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонаси ўзининг Smart-музей дастури билан иштирок этди. Фестиваль музей соҳасида янгилик сифатида эътироф этилган ҳодисалардан бири бўлди. Унда “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонаси Nazzar инновацион дастури асосидаги тақдимотини намойиш этди.

Маданият вазирлиги томонидан Миллий музей жамғармасининг электрон каталоги ишга туширилди. Электрон каталог www.goskatalog.uz интернет манзилида жойлашган бўлиб, унга давлат музейларининг 46 таси бириктирилган. Электрон каталог ичига Ўзбекистон музейларининг археология, рангтасвир, графика, ҳайкалтарошлик, амалий санъат, фотография ва бошқа кўринишдаги коллекция экспонатлар инвентаризацияси ва маълумотлар базаси киритилган. Виртуал галерея, музей каталоглари мавжуд сайтга интернетнинг барча фойдаланувчилари кириши мумкин. Сайтдан фойдаланувчилар 90 мингга яқин юқори сифатли экспонатларни томоша қилади, шунингдек ҳар бир музейнинг асосий коллекция экспонатларини яратилиш тарихи ҳамда тавсифи билан танишиб чиқади.

Бундан ташқари www.museums.uz домени остида Ўзбекистон музейларининг ягона порталини яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. "Ўзбекистон музейларига виртуал сайёҳат" лойиҳаси доирасида 20 та музейнинг 3D кўриниши яратилди.

Ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш йўлида олиб борилган ислоҳотлар натижаси сифатида Маданий ифодаларнинг турли хил шаклларини муҳофаза қилиш ва қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги конвенция ратификация қилинганини мисол қилиш мумкин.

Конвенцияни Парижда 2005 йил 20 октябрда БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Бош конференцияси қабул қилган. Бунда миллий ва халқаро сиёсат ва халқаро ҳамкорликда стратегик элементлардан бири сифатида маданият интеграциясининг зарурлиги туртки бўлди. Конвенция қўлланадиган соҳа – маданий ифодаларнинг турли хил шаклларини муҳофаза қилиш ва қўллаб-қувватлаш учун иштирокчи-давлатлар томонидан қабул қилинадиган сиёсат ва чора-тадбирлар шундан келиб чиқади.

Маданият, ўзаро маданий муносабатлар борасида алоқаларни қўллаб-қувватлаш ва маданий ифодаларнинг турли хил шаклларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш – булар ҳужжатнинг базавий мақсадлари ҳисобланади, улар инсон ҳуқуқларига ҳурмат ва асосий эркинлик, суверенитет, тенглик тамойиллари ҳамда барча маданиятларга ҳурмат, халқаро бирдамлик ва ҳамкорлик, иқтисодий ва маданий жиҳатдан ривожланишни ўзаро тўлдириб туриш, барқарор ривожланиш, фойдаланишдаги тенглик, ошкоралик ва уйғунлик асосида амалга оширилади.

Истиқболдаги режаларга келсак, пандемия туфайли жорий этилган карантин муддати тугатилса, "Хива 2020 йилда Турк дунёсининг маданий пойтахти" деб эълон қилинганлиги муносабати билан Хивада, “Бухоро – 2020 йилда ислом олами маданияти пойтахти” деб эълон қилинганлиги муносабати билан Бухорода тадбирлар, сентябрь ойида Шаҳрисабзда II Халқаро мақом санъати анжумани, Марғилон шаҳрида "Атлас байрами" фестивали ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, 2021 йилда Лувр музейида Ўзбекистон тарихига бағишланган кўргазма ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу МДҲ мамлакатларидан бирига бағишлаб Луврда ўтказиладиган илк тадбир бўлади. 

Музей экспонатлари 6 та коллекцияга ажратилган бўлиб, унда Шарқ коллекциясининг ўзи 24 та зални эгаллаган. У ерда Ўзбекистон тарихига оид – Амир Темурнинг Қирол Шарл VI га ёзган мактуби, Аҳмад Яссавий мақбараси учун Соҳибқирон ясаттирган шамдонлардан бири, қадимий қурол-аслаҳалар, қабртошлардаги битиклар ва бошқа буюмлар ҳам бор. Кўргазмага қадар нафақат Франция, балки Ўзбекистонда ҳам тадқиқотлар, кўргазма ва конференцияларни ўтказиш режалаштирилмоқда.

Лекин такрор қайд этишимиз керакки, юқоридаги тадбирларнинг ўтказилиши пандемиянинг тугашига боғлиқ.

Жаҳонда вазият жуда мураккаб. Маданий тадбирлар бекор қилинди, маданий муассасалар ишламаяпти, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси объектлари ташриф буюрувчилар учун ёпиқ, маданий объектларни талон-тарож қилиш ва қўриқхоналарда браконьерликнинг кўпайиши хавфи мавжуд. Кўплаб санъаткорлар ўз даромадларини йўқотишди; маданий туризм соҳасига жиддий зарба берилди.

Бутун дунёда CОVID -19 нинг маданият соҳасига таъсири каттадир. Жаҳон ялпи ичкимаҳсулотидаги маданий соҳанинг улуши 3 фоизни (тахминан 2250 миллиард доллар) ташкил этади. Ушбу соҳада қарийб 29,5 миллион киши ишлайди. Кўринадики, маданият ва туризм соҳасидаги иқтисодий инқироз салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Ижтимоий масофаланиш даврида миллиардлаб одамлар маданиятга мурожаат қилишади. Ҳозирда инсонлар Интернетда контентларни фаол равишда яратмоқдалар, ижтимоий тармоқлар орқали виртуал маданий тадбирлар, масалан, видеоконференциялар, музей ва галереяларга виртуал ташрифлар ташкиллаштирмоқдалар. Тарихий тараққиёт давомида юз берган жиддий инқирозлар кўпинча маданиятнинг тикланишига ва ижоднинг янги шаклларининг пайдо бўлишига олиб келди, бу ижтимоий тараққиёт учун жуда муҳимдир.

Маданият ривожи тинчлик, барқарорлик ва ривожланиш учун сезиларли аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, маданий хилма-хиллик феноменини, янги оммавий ахборот воситалари ва ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) орқали қабул қилиш ва тан олиш маданиятлар ўртасидаги мулоқотни, ҳурмат ва ўзаро тушунишни ривожлантиришга хизмат қилади.

 

Маданият вазирлиги Ахборот хизмати

 

 

Охирги янгиланиш: 25.05.2020 | 14:12