13 Март 2020
Рус драма театри ижодкорларининг мактаб ўқувчиларига спектакль совғаси

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та ташаббусини амалга ошириш тўғрисидаги Тадбирлар режаси асосида Ўзбекистон Давлат академик рус драма театри ижодкорлари Тошкент шаҳар Миробод туманидаги умумтаълим мактабларида мунтазам турли тадбирлар – ижодий учрашувлар, болажонларга яхши таниш эртак ва асарлар асосида яратилган спектакллар намойишини ташкил этиб келмоқда.

13 март куни Миробод туманидаги 328-ўрта умумтаълим мактабида Корней Чуковскийнинг шу номли шеърий эртаги асосида саҳналаштирилган “Пашша-Ойпошша” мусиқали эртак-томошанинг намойиши ўқувчиларда бир олам қувонч бахш этди.

Улар намойиш этилаётган асарнинг ҳар бир саҳнасини актёрлар билан биргаликда “жон” деб, ижро этдилар.

Айниқса, эртакдан болажонларга яхши таниш мусиқий саҳналар болалар ва ўқитувчилар кайфиятини кўтарди ва улар беихтиёр рақсга тушиб кетди.

Томоша сўнгида мактаб маъмурияти, туман ҳокимлиги маданият бўлими мутасаддилари театр ижодкорларига тақдим этган хушкайфият учун миннатдорлик билдирдилар.

 

Охирги янгиланиш: 07.04.2020 | 16:14