23 Январь 2020
УСТОЗГА ЭЪТИРОФ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон давлат консерваторияси фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 8 август, ПҚ-3178-сонли қарорига биноан консерваториянинг мақоми ва нуфузини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон давлат консерваториясининг ректори ҳисобланади.

Ўзбекистон давлат консерваторияси ректори, профессор Бахтиёр Сайфуллаев томонидан 3 йиллик иш фаолиятлари давомида Таълим жараёнини ташкил этиш ва сифатини ошириш мақсадида 5 та факультет, 23 та кафедралар қайта ташкил этилди, йўналишлар бўйича сифатли кадрлар тайёрлаш ишлари жадаллаштирилди. Талабалар сони 1463 нафардан 1770 нафарга, магистрантлар сони 64 нафардан 75 нафарга оширилди. Уларга 247 нафар профессор-ўқитувчилар билим бериб келмоқдалар. Илмий салоҳият 45,2% етказилди.

17.00.03-Мусиқа санъати Ихтисослиги бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини бериш учун ихтисослаштирилган кенгаш фаолияти ташкил этилди. Ушбу кенгашда ҳозирги кунгача 6 нафар доктарантга ихтисослиги бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси берилди. “MUSIQA” деб номланган илмий-услубий журнал ноширлик фаолият олиб бормоқда. Ҳар уч ойда 1 маротаба нашр этиладиган ушбу журнал 2019 йилдан ОАК тасарруфидаги Республика журналлари рўйхатига киритилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 мартдаги 178-ф-сонли Фармойишига мувофиқ консерваторияда 25 апрелда “Мусиқа санъатида анъана ва замонавийлик” мавзусидаги Республика илмий-амалий конференцияси, 5 ноябрда “XXI аср мусиқа санъати: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги Халқаро илмий-амалий конференцияси, 3-5 апрель кунлари “Наврўз садолари” IV Халқаро кўп овозли миллий чолғулар ансамбль ва оркестрлар фестивали доирасида “Санъаткор маданиятига оид талабалар ва ёшлар таълим-тарбияси масалалари” мавзусида Халқаро илмий-амалий конференцияларда педагог-ходимлар ўз илмий мақолалари билан қатнашдилар, тезислар тўплам кўринишида чоп этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш тўғрисида”ги 2018 йил 6 апрелдаги ПҚ-3656-сон қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 июндаги 01-07/1-1208-сон мажлис баёни ҳамда Маданият вазирлигининг 2018 йил 8 июндаги 360-сон буйруғига асосан жорий йил 6-9 сентябрь кунлари кўҳна ва навқирон Шаҳрисабз шаҳрида “Халқаро миллий мақом санъати” фестивали доирасида «Мақом мусиқа санъати ва унинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни» мавзусида Халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда мақом билимдонлари, олимлар, ёш тадқиқотчилар, докторантлар ўз маърузалари билан иштирок этишди.

Ўзбекистон давлат консерваторияси ёш ижодкорларни тарбияловчи муассаса бўлиб, унда ҳар бир талабаларнинг ўзига хос иқтидори ва ўзига мос ижод намуналари намоён бўлади. Ҳозирги кунда консерваторияда, унинг ҳузуридаги лицейларида таҳсил олаётган талаба-ўқувчиларнинг барчаси иқтидорли бўлиб, Республика ва Халқаро танловлар мукофотлари ва дипломлари соҳибидир. Бундан ташқари 6 нафар талаба-ёшлар Ислом Каримов номидаги ва А.Навоий номидаги давлат стипендиатлари бўлди.

ЎзДК ҳузуридаги Мусиқа соҳаси педагогларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Маркази учун 6 қаватли 400 ўринли ётоқхона ва ўқув биносида қурилиш ишлари авжида. Шу билан бирга вилоят болалар мусиқа, ихтисослаштирилган санъат мактаблари ўқитувчиларини малакасини ошириш режа асосида олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан “Yamaha” фирмасининг профессионал овоз кучайтиргич мосламалари ажратилди.

Ахборот ресурс маркази капитал таъмирланди ва тўлиқ жиҳозланди. Ҳозирги кунда АРМ умумий фондида 274959 дона китоб мавжуд. Улардан, дарсликлар 69546 дона, ўқув қўлланмалари 137506 дона, бадиий адабиётлар 23149 дона, аудио китоблар 108 дона ва электрон китоблар 12436 донани ташкил этади. Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими томонидан талаба-ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш бўйича таниқли ёзувчи, шоир ва адабиётшунос-олимлар билан учрашувлар ўтказилиб келинмоқда.

Президентимиз томонидан илгари сурилган ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 та муҳим ташаббуслари бўйича консерватория ТТЖлари таъмирдан чиқарилди, ташаббус хоналари ташкил этилиб, моддий-техник базаси тўлиқ янгиланди.

ЎзДКда «Композитор» спорт клуби фаолияти йўлга қўйилган. Спорт клуби томонидан «Стол тенниси», «Шахмат», «Шашка», «Гимнастика», «Фитнес», «Баскетбол», «Волейбол», «Мини футбол» каби спорт турлари тўгараклари фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон давлат консерваторияси Республикада мусиқа санъати бўйича таянч олий ўқув юрти ҳисобланади. Мазкур соҳага ихтисослаштирилган олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқишда барчага ўқув-услубий методик ёрдам кўрсатмоқда.

Консерватория профессор-ўқитувчилари Республика ва халқаро даражада илмий-ижодий фаолият олиб борадилар. Республикамизда нишонланадиган барча байрам тадбирларида асосий ижрочилар сифатида жалб этилади. Шунингдек, хорижий мамлакатларда ҳам ўтказиладиган маданий-маърифий тадбирларда, концертларда Ўзбекистон мусиқа санъатини намойиш этишади.

Консерваториянинг энг катта ютуқларидан бири-мусиқа санъати таълимида миллий ва анаъанавий ижрочилик санъати йўналишини сақлаб қолиб, замонавий таълим бериш учун халқаро тажрибаларни ўрганган ҳолда замонавий таълим тизимига тадбиқ этаётганлигидир.

Ўзбекистон давлат консерваториянинг сўнги 3 йил давомида амалга оширган ишларида, ютуқларида Б.Сайфуллаевнинг меҳнатлари жуда катта, алоҳида эътирофга лойиқ.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларини тайинлаш тўғрисида”ги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 75-моддасига мувофиқ Бахтиёр Сайфуллаев Ўзбекистон Республикаси маданият вазири – Ўзбекистон давлат консерваторияси ректори Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси этиб тайинланганликлари ҳамда Олий Мажлис Сенатининг илк ялпи мажлисида сенаторлар томонидан Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раислигига бир овоздан сайланганликлари, Президентимиз томонидан устоз-санъаткор, олим маданиятимиз арбобига билдирилган юксак ишончлари натижасидир.

Ўзбекистон давлат консерваторияси жамоаси ўз ишига фидойи ва масъулиятли, маданият ва санъат билимдони, профессор-ўқитувчилар, ходимлар ва талабаларнинг талабчан раҳбари ҳамда устози Бахтиёр Сайфуллаевни чин қалбдан муборакбод этиб, давлатимиз ва жамиятимиз ривожи учун шарафли меҳнат йўлларида муваффақиятлар тилайди. Эзгу ишларингиз бардавом бўлсин!

 

СИЗГА ЧУҚУР МИННАТДОРЧИЛИК ҲИССИ БИЛАН ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ КОНСЕРВАТОРИЯСИ ЖАМОАСИ ВА ТАЛАБА – ЁШЛАРИ.

 

 

Охирги янгиланиш: 24.02.2020 | 18:09