28 Ноябрь 2019
Маданият вазирлиги томонидан брифинг ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижросига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Унда Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори Одил Абдуқаҳҳоров, вазирлик бошқармалари, тизим ташкилотлари бошлиқлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, жумладан, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Ўзбекистон 24” телерадиоканали, “Маданият ва маърифат”, “УзРепорт”, “Севимли”, “Менинг юртим” телеканаллари, “Ўзбекистон”, “Ёшлар”, “Маҳалла” радиоканаллари, “Азон ТВ” ахборот-таҳлилий портали, kun.uz, daryo.uz, xabar.uz, qalampir.uz, sayyod.com каби ижтимоий нашрлар ва етакчи сайтлар, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ишонч” газеталари, “Зўр тасвир”, “ZOOM” журналлари вакиллари, кўплаб блогерлар иштирок этдилар.

Тадбирни вазирликнинг матбуот котиби-ахборот сиёсати масалалари бўйича вазир маслаҳатчиси Мавлуда Асқархўжаева олиб борди.

Брифинг аввалида Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев халқимизнинг маънавий-маърифий, маданий савиясини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этган соҳага доир Президентимиз қарорлари ижроси борасида баёнот берди.

Хусусан, концепциянинг асосий вазифалари этиб белгиланган маданият муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан 42 та маданият марказларидан 5 та янгидан қуриш, 12 та реконструкция ва 25 та мукаммал таъмирлаш ишларини амалга ошириш топшириғи белгиланган. 5 та маданият марказини янгидан қуриш ва 12 та марказни реконструкция қилиш бўйича лойиҳа смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, давлат экспертизасидан ижобий хулосалар олинган.

Ўзбекистон Республикасининг “Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар қиритиш тўғрисида” 2019 йил 30 августдаги ЎРҚ-560-сонли Қонуни қабул қилинди.

Болаликдан эстетик дид ва санъат ҳақидаги бошланғич тушунчаларни ҳосил қилиш мақсадида мактабгача таълим муассасалари учун Ўзбек миллий мақом санъати маркази томонидан “Болалар учун мақом куйлари” номли аудио диск яратилиб, фойдаланиш учун Мактабгача таълим вазирлигига тақдим этилди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар, Ўзбекистон халқ артистлари, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари ҳамда таниқли санъаткор ва ижодкорлар томонидан болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда маданият марказларида таҳсил олаётган ёшларга «маҳорат дарслари» доимий равишда ўтказиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг ҳар йили 21-27 март кунлари “Театр томошалар ҳафталаги”ни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланган. 2019 йил Ҳафталик доирасида республикада мавжуд 37 та театрда 250 дан ортиқ турли жанрдаги спектакллар аҳолига бепул намойиш этилди. Ушбу намойишларга жами 108 мингдан ортиқ томошабинлар ташриф буюрди. “Энг яхши спектакль либослари”, “Энг яхши спектакль декорациялари” номинациялари эълон қилиниб, экспертлар гуруҳи томонидан баҳоланди.

Маданият вазирлиги томонидан Маданият ва истироҳат боғлари инвентаризациядан ўтказилди ҳамда республика бўйича жами 50 та маданият ва истироҳат боғлари давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорларга бериш режалаштирилган.

Маданият вазирининг ҳисоботидан сўнг оммавий ахборот воситалари ходимлари билан қизғин суҳбат, баҳс-мунозара ўтказилди. Вазир Республикамиз бўйича 350 га яқин кўзи ожиз иқтидорли ўқувчилар мавжудлиги ҳамда уларнинг мусиқий таълим олишларига муносиб шароит яратиш лозимлигини инобатга олган ҳолда, 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб уларни болалар мусиқа ва санъат мактабларида бепул таҳсил олишлари учун ҳужжатлар лойиҳасини тайёрлаш топшириғини берди.

Брифинг давомида вазирлик бошқарма бошлиқларининг ҳар бири ўз йўналишлари бўйича саволларга жавоб бердилар. 2 соатдан ортиқ вақт давом этган брифингда барча саволларга асосли, атрофлича жавоб берилди.

 

 

Охирги янгиланиш: 22.09.2020 | 20:29