18 Ноябрь 2019
Маданият вазири Японияда

Маданият вазири Б.Сайфуллаев жорий йилнинг 17 ноябрь куни Японияга расмий ташриф билан жўнаб кетди. 23 ноябргача давом этадиган сафарда турли учрашувлар, ўзбек санъаткорлари иштирокидаги концерт дастурлари ўтказилади.

Куни кеча Осака Халқаро аэропортида делегация вакиллари кутиб олинди. Сўнг Майдзуру шаҳрида жойлашган Қизил ғишт музейига ташриф буюришди. Мазкур музейда дунёнинг машҳур иншоотларини барпо қилишда ишлатилган ғишт ва тошлар мавжуд. Тошлар тўплами 20 йилдан кўпроқ вақт давомида тўпланган. Римдаги Колизей, Берлин девори, Прага консерваториясининг тошларини ва энг қувонарлиси Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрининг ғиштини ҳам бу ерда учратиш мумкин. Шунингдек, Япониянинг диққатга сазовор жойларига ташриф давомида Асирлар музейига ҳам борилди. У ерда Маданият вазири музей учун махсус совға топширди.

Музейга мазмунли ташрифдан сўнг, Маданият вазири Майдзуру шаҳри мэри Рёзо Татами билан учрашди. Самимий руҳда бўлиб ўтган учрашувда томонлар ўзбек-япон муносабатлари, давлатларнинг маданий ҳамкорлиги тарихи ва келажаги, истиқболдаги режалар ҳақида сўз юритдилар.

Томонлар бир-бирларига эсдалик совғаларини тақдим қилдилар. Японияда маданий тадбирлар давом этади. Майдзурудан ташқари Токио ва Такасаки шаҳарларида ҳам концерт дастурлари бўлиб ўтади.

 

Охирги янгиланиш: 24.09.2020 | 09:27