15 Ноябрь 2019
Тожикистон ва Ўзбекистон “Дўстлик кечаси”

14 ноябрь куни Тожикистонда Ўзбекистон маданияти кунларининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Концерт дастуридан аввал С.Айний номидаги опера ва балет академик давлат театри фойесида Ўзбекистонинг маданий мероси ва халқ ҳунармандчилик маҳсулотларининг кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазма барчани ўзига жалб этди, чунки унда янгиланаётган Ўзбекистоннинг фотосуратлари ҳам жой олган эди, тожикистонлик мезбонлар томонидан Ўзбекистонга ташриф буюриш иштиёқи ошди.

Сўнг, катта концерт бошланди. Бу концерт “Дўстлик кечаси” деб аталди, унда ўзбекистонлик санъат усталари тожикистонлик санъат усталари билан биргаликда, бир саҳнада жозибали рақслари билан куй-қўшиқларни тараннум этишди. Барча хурсанд, йиғилганларнинг бир-бирларини байрам билан қутлаб, илиқ сўзларни улашишлари дўстлик кечасига алоҳида тароват бағишлади.

Бир курраи заминда яшаб, ўз ижодларини халқларига улашаётган маданият аҳли меҳмон ва мезбонларнинг юзидаги табассумни кўриб бошлари осмонга етди. Бежиз айтишмайди-ку, маданият ва санъат халқларни забонсиз бирлаштиради деб.

Тожикистонликлар томонидан интиқиб кутилган маданий тадбирлар ҳали кўп давом этади. Буларнинг барчаси икки давлатнинг Раҳбарлари туфайли амалга ошмоқда.

 

Охирги янгиланиш: 12.12.2019 | 20:39