12 Ноябрь 2019
Маданият вазири VIII Халқаро маданий форумда иштирок этади

Жорий йилнинг 14 ноябрь куни Санкт-Петербургда VIII Халқаро маданий форум бошланади. Мазкур форум илк маротаба 2012 йилда ўтказилган. Россия Федерацияси ҳукумати, Маданият вазирлиги ва Санкт-Петербург ҳукумати томонидан ташкиллаштирилган форум 14-16 ноябрь кунлари бўлиб ўтади. Форум доирасида маданиятнинг турли соҳалари мутахассислари учун бизнес-дастурлар ҳамда маданий тадбирларни ўз ичига олган фестиваль ўтказилади. Форумнинг энг асосий қисми сифатида “Оммавий ахборот воситаларида санъатнинг овози” деб номланган ялпи мунозарани қайд этиш мумкин. Ушбу мунозарада иштирокчилар маданий ахборотларга оммавий талаб қандай шаклланиши ва ўзгариб бориши, оммавий ахборот воситаларида санъат ва маданиятни қандай оммалаштириш, бугунги кунда қандай медиаформатлар ёрдамида замонавий шахсни санъат билан доимий алоқада бўлишига эришиш мумкинлигини муҳокама қиладилар. Форумга Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ташриф буюриши кутилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б.Сайфуллаев форумда иштирок этади. Форум дастуридан давлатларнинг маданият вазирлари учрашуви ҳам ўрин олган.

 

 

 

Охирги янгиланиш: 22.09.2020 | 20:29