08 Ноябрь 2019
Классик мусиқа кечаси

Жорий йилнинг 7 ноябрь куни Ўзбекистон давлат консерваторияси катта залида “Мусиқали театр-студия” концерти бўлиб ўтди. Консерватория қошидаги мусиқали театр-студияси 1964 йилда ташкил этилган бўлиб, битирувчиларнинг давлат имтиҳонларида қатнашаётган, мунтазам равишда концерт дастурларини тингловчиларга тақдим этиб келаётган жамоалардандир. Ушбу жамоани ташкил этилишида Ғ.Туляганов, Қ.Усмонов, З.Хақназаров, В.Неймер каби дирижёрларнинг ҳиссаси каттадир. Жамоа ташкил этилганидан ҳозирги кунга қадар фаолият олиб бораётган оркестр инспектори А.Керимовнинг ўз ишига садоқати ва фидоийлиги ёшларга ўрнак бўлмоқда.

Концерт дастуридан Ўзбекистон композиторлари М.Ашрафий, С.Юдаковнинг асарлари, романтизм даврининг вакиллари Р.Вагнер, Дж.Верди, Ф.Шопен, К.Сен-Сансларнинг бетакрор ижод намуналари ўрин эгаллади. Дирижёрлик пулти қаршисида эса, “Оркестр дирижёрлиги” кафедраси мудири, МТС оркестри раҳбари ва дирижёри Ғайрат Аброров бўлиб, яккахон созанда ва хонандаларга, шунингдек, оркестрга маҳорат ила дирижёрлик қилди. Унинг талқинида янграган мусиқа намуналари йиғилганларга манзур бўлди. Айниқса, халқаро танловлар лауреати, Зулфия давлат мукофоти соҳибаси Иноятхон Абдуллаева ижросидаги Ф.Шопеннинг мураккаб фортепиано ва оркестр учун Биринчи концерти давомли олқишларга сазовор бўлди.

Концерт дастурини тайёрлашда консерваториянинг “Хор дирижёрлиги” кафедраси мудири Севара Кадирова, профессор Любовь Джумаева ва доцент Ю.Хуснуддиновалар ҳам бевосита қатнашиб, тингловчилар эътиборига талабалар хори ва МТС қошидаги хор жамоаларининг чиқишлари ҳавола этилди. Йиғилганлар хор жамоаларининг юқори профессионал ижроларидан бахраманд бўлдилар.

Концертни мусиқашунос Моҳина Абророва олиб борар экан, мусиқали театр студияси фаолияти, дастурдан ўрин эгаллаган асарларнинг тарихи ҳақида маълумот берди. Классик мусиқа кечаларини мунтазам равишда ўтказилиши, тингловчиларнинг эстетик дидини юксалтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Классик мусиқа кечаси йиғилганларда ижобий таассурот қолдириб, бу каби мусиқа байрамларини нафақат консерватория концерт залларида, балки, ўзга  ташкилот ва муассасаларда ташкил этиш таклифи берилди.

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 21.11.2019 | 13:13