07 Ноябрь 2019
Сирдарё театри ижодкорлари Гулистон давлат университетида

Сирдарё вилояти мусиқали драма театри томонидан яна бир муҳим ташаббус. Гулистон давлат университетида “Театр ҳафталиги” бошланди. Ушбу ҳафталик жорий йилнинг 5 ноябрь кунидан 12 ноябрига қадар давом этади. Ҳафталик мобайнида театр репертуаридан ўрин олган, М.Каримов қаламига мансуб “Инсонликка номзод” спектакли намойиш этилади. 5 ноябрдаги талабалар эътиборига ҳавола этилган илк намойиш ва 6 ноябрдаги ижро ҳам муваффақиятли якунланди.

Инсонийликни миллий руҳда мадҳ этувчи мазкур саҳна асари ёш томошабинларга, албатта манзур бўлмоқда.  

Дарҳақиқат, давлатимиз томонидан бугунги кунда изчил равишда олиб борилаётган ислоҳотлардан бири – бу, ўсиб келаётган ёшларни, кенг қатламли аҳолини театр санъатига жалб этиш, уларни сара санъат асари намуналари орқали маънавий комиллик сари етаклашда пешқадам бўлишдир. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг биринчисидан кўзланган мақсад ҳам улғайиб келаётган ёш авлодни санъатга ошуфта этган ҳолда қалбига эзгу ғояларни сингдириш саналади. Шундай экан, Сирдарё театри ижодкорлари ҳам бу шарафли мақсад йўлида юртимиз келажаги ворислари, халқимиз учун хизмат қилишдан чарчамайди. Талабалар учун ташкил этилган мазкур “Театр ҳафталиги” ҳам ана шу эзгу амалларнинг бир дебочасидир.

Спектакль томошабинлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

 

 

 

Охирги янгиланиш: 12.12.2019 | 20:39