07 Ноябрь 2019
Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабида ҳамкорлик алоқалари

Жорий йилнинг 5 ноябрь куни Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабига Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор, педагогика фанлари номзоди Қозоғистон миллий хореография  академиясининг биринчи проректори Нусипжанова Бибигуль Нургалиевна ва Халқаро алоқалар бўлими бош менеджери Расилова Салтанат Мухтаровна ташриф буюришди.

Хореография олий мактабининг “Анжуманлар зали”да икки томон вакиллари билан биргаликда учрашув бўлиб ўтди. Бунда меҳмонлар ва олий мактаб раҳбарияти “Қозоғистон ва Ўзбекистон хореография таълими” ҳақида сўз юритишди. Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатларида миллий рақс ва хореография таълими соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва янгиликлар борасида ҳам фикр ва мулоҳазалар алмашилди. Суҳбат давомида хореография санъатини ривожлантириш бўйича музокаралар олиб борилди.

Шунингдек, учрашув якунида томонлар ўртасида келгусида қилиниши лозим бўлган мақсадли ишлар юзасидан истиқболли режаларга келишиб олинди.

Маълумот ўрнида, 2018 йилнинг 15 февраль куни ТДМРХОМ ва Қозоғистон миллий хореография академияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш тўғрисида шартнома имзоланган.

Равшан ХУРРАМОВ

ТДМРХОМ матбуот хизмати котиби

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 12.12.2019 | 20:39