28 Октябрь 2019
“Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним издошларимиз”

Умр ва ижод йўлларини бир-бири билан боғлаган, ҳамон авлодларга садоқатда ибрат бўлувчи икки сиймо Ҳамид Олимжон ва Зулфияхонимнинг исмлари ҳамиша ёнма-ён айтилади. Адабиётга ошуфта, меҳр, вафо, самимият, муҳаббат туйғуларига қалби макон бўлган, қўлига эндигина қалам олиб, қоғоз қоралаган издошларини кўрганда кўнгли осмон бўлган, ижоди бениҳоя гўзал халқнинг асл фарзандлари юрак-юрагимиздан ўрин эгаллаган. Уларнинг номини абадийлаштириш мақсадида юртбошимиз ташаббуси билан мактаб-интернати ташкил этилди ва бундан кўзланган асосий мақсад Ҳамид Олимжон ва Зулфияхонимнинг издошларини камол топтириш, иқтидорли ёшларга кўмаклашиш ва етарли шарт-шароитларни яратиб беришдан иборат.


Октябрь ойи “Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним ойлиги” деб эълон қилиниши ҳамда уларнинг ҳаёти ва ижодини ёшлар ўртасида тарғиб қилиш мақсадида жорий йилнинг 26 октябрь куни Жиззах вилояти, Фориш тумани, маданият бўлими кутубхонасида кўзи ожизлар кутубхонаси, 1-умумтаълим мактаби билан ҳамкорликда “Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним издошларимиз” номли тадбир ўтказилди. Кутубхонада Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним асарларидан “Бахт ва шодлик куйчиси”, “Севги ва садоқат куйчиси” номли китоб кўргазмалари ташкил этилди. Тадбирни кириш сўзи билан Маданият бўлими кутубхоначиси Мамлакат Рўзиқулова очиб берди. У Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним ҳаёти ва ижод йўллари ҳақида қисқача маълумот бериб ўтди. Фаол китобхонлар Ҳамид Олимжон ва Зулфияхонимнинг шеърларини ижро этдилар.

Тадбир давомида Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним ижоди ва фаолиятига доир савол жавоблар ўтказилиб, ёшлар керакли маълумотларга эга бўлдилар.

 

 

 

Охирги янгиланиш: 21.11.2019 | 12:05