21 Октябрь 2019
“Тил бор экан, миллат барҳаёт!”

Ўзбек тили энг қадимги тиллардан бири бўлиб, унинг ХХ асрнинг бошланишига қадар бўлган даври эски ўзбек тили деб юритилади. Эски ўзбек адабий тилининг теранлиги, ихчамлиги каби хусусиятлари ҳозирги ўзбек тилига ўтган. Қувонарлиси, ўзбек тили дунёдаги 40 га яқин йирик тиллардан биридир. Ҳозирги замон ўзбек тили энг бой адабий тиллардан бўлиб, адабиётимизнинг йирик намоёндалари бу тилда ўзларининг шоҳ асарларини яратганлар. Давлатчилигимизнинг, маънавиятимизнинг тикланишида ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши катта аҳамиятга эга бўлди. Бу улкан тарихий ҳодиса 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган Қонунда ўз аксини топган. Бу Қонун миллий маданий меросимизнинг тикланиши, жамиятимизнинг маънавий ривожида муҳим ўрин тутиб, кўплаб тарихий номлар тикланди, ижтимоий ҳаётимизда ўзбек тилининг аҳамияти ортди, дунё давлатлари билан ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилди.

Бугун ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон давлат консерваториясида катта байрам тадбири ўтказилди.

Ўзбекистон давлат консерваториясининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Сайёра Гафурова сўзга чиқиб, устоз-мураббийларни ҳамда талаба-ёшларни ушбу байрам билан самимий қутлади.

Сўнгра саҳнага ЎзДКнинг “Ўзбек ва хорижий тиллар” кафедрасининг доценти, филология фанлари номзоди Сайёра Ҳамдамова, ташриф буюрган меҳмонлардан Ўзбекистон Фанлар Академияси Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи бўлим мудири, адабиётшунос олим Абдурасул Эшонбобоев, ЎзДК магистри Авазхон Хошимовлар таклиф қилинди.

Сўзга чиққанлар инсон гўзаллиги, маънавияти, буюк мероси, ҳатто олам барқарорлигининг ҳам асоси тил эканлигини, шу сабабдан онадек азиз она тилимизни асраб-авайлаш, эъзозлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиз эканлигини яна бир бор таъкидладилар. Тадбир давомида куйлар ва эстрада қўшиқлари ижро этилди.

Байрам ниҳоятда кўтаринки кайфиятда, ўзгача бир шукуҳда ўтиб, йиғилганларга ҳақиқий байрамона кайфият улашди.

Барчангизни бугунги байрам билан яна бир бор табриклаймиз!

 

 

Ўзбекистон давлат консерваторияси Ахборот хизмати

 

 

Охирги янгиланиш: 21.11.2019 | 13:13