21 Октябрь 2019
Миллий рақс ва хореография олий мактабининг талабалари Республика кўрик-танлови ғолиби

Жорий йилнинг 19 октябрь куни пойтахтимизнинг муҳташам кошоналаридан бири бўлмиш “Туркистон” санъат саройида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган Мукаррама Турғунбоева номидаги “Миллий рақс ижрочилари” Республика кўрик-танловининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур кўрик – танловда Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабининг бир қанча иқтидорли талаба-ёшлари ўз истеъдодларини намойиш этишди.

Ўзбекистон дунё ҳамжамиятида кўп миллатли давлатлардан бирига киради. Рус миллати вакиласи бўлишига қарамасдан, бизнинг ўзбек рақсимизни севиб, меҳр-муҳаббатини қўйиб, унга жон бахшида қилиб рақс ижро этиб келаётган олий мактабнинг “Касбий таълим” йўналиши 3-курс рус гуруҳи талабаси Алина Бабешко танловнинг 1-ўрин соҳибаси деб топилди.

Бундан ташқари бир неча номинациялар бўйича ҳам бир қатор истеъдодли талабаларимиз тақдирланишди. “Жўшқин ижро” йўналиши бўйича-Сеторахон Ахмедова, “Ёш истеъдод” номинациясига Фотима ҳамда Зухра Нарзуллаевалар, “Артистлик маҳорати” йўналишига-Лалита Асатова, “Томошабин танлови” йўналишига-Жанар Тўреева кабилар муносиб деб топилди.

Истеъдодли ёшларимизни чин дилдан муборакбод этиб қоламиз!

 

Равшан ХУРРАМОВ

ТДМРХОМ матбуот хизмати котиби

 

 

 

Охирги янгиланиш: 21.11.2019 | 12:05