14 Октябрь 2019
Консерваториянинг Ахборот-ресурс марказида қатор ишлар амалга оширилмоқда

Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эдилар. Тўртинчи ташаббус ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган. Албатта, бунинг учун китобсеварларга муайян шарт-шароитлар ва қулайликларни яратиш лозим. Жумладан, кутубхоналарнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни китоб ва адабиётлар билан бойитиш муҳим ишлар сирасига киради.

Республика олий таълим муассасалари Ахборот-ресурс марказларини янги ўқув йилига тайёрлаш ҳамда бакалавриат таълим йўналишлар ва магистратура мутахассисликларини ўқув адабиётлари билан таъминлаш тўғрисидаги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 3 июлдаги 589-сонли буйруғи бўйича Ўзбекистон давлат консерваториясининг Ахборот-ресурс марказида қатор ишлар амалга оширилди. Консерватория раҳбарияти томонидан Ахборот-ресурс маркази моддий техник базасига катта эътибор қаратилган.

Жумладан, АРМ ўқув заллари хоналари янги таъмирдан чиқарилди, ёруғлик ва шинамлик масалалари ҳам талаб даражасида бўлишига эришилди. Керакли мебель ва жиҳозлар ҳам етарли миқдорда. Талабаларнинг мустақил билим олишлари учун қўшимча ўқув зали, шунингдек, олим ва тадқиқотчилар учун ҳам алоҳида ўқув зали ташкил қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири – Ўзбекистон давлат консерваторияси ректори, профессор Б.С.Сайфуллаев ва кўпгина профессор-ўқитувчилар ўз шахсий кутубхоналаридан мусиқий йўналиш бўйича дарсликлар, ўқув қўлланмалари ҳамда нота асарларини беғараз тарзда АРМ фондига топширдилар. Шу билан бир қаторда хорижий давлатлардан олинган адабиётлар ҳам АРМ фондининг бойиши учун хизмат қилди.

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 20.11.2019 | 17:35