12 Октябрь 2019
СЕҲРЛИ САДОЛАР

Мусиқанинг сеҳри ва мўжизаси кўнгилларни сурурга тўлдиради. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Ўқув театрида “Чолғу ижрочилиги” кафедрасининг устоз санъаткор, профессор Феоктист Никифорович Васильев таваллудининг 100 йиллигига бағишланган “Устозга таъзим” номли хотира кечаси бўлиб ўтди. Концерт дастурида доцент Ҳикмат Ражабов бошчилигида талаба-созандалар жамоаси ишлади.

“Устозга таъзим” куйи Республика ва Халқаро танловлар лауреати Маъмуржон Олимов ижросида, “Шарқона рақс” Нозима Абдумажидова ижросида, “Испанча гитара” Жамшид Ражабов ижросида, “Ромео ва Жульетта” операси “Ниҳол” давлат мукофоти совриндори Дилшод Каримов ижросида янгради. Саҳнада доцент Ҳикмат Ражабов “Сурнай навоси” куйидан аввал устозидан қолган мерос - миллий чолғу асбоби ҳақида қалби тўлқинланиб сўзлаб берди. Бетакрор оҳанглар тинимсиз қарсаклар остида қолди.

Тадбир меҳмони хонанда Ўлмас Оллоберганов ҳам саҳнада устозларни ёд этиб, “Роҳат” куйини тақдим этди.

Устоз санъаткор, профессионал бастакор Дони Зокиров мусиқаси билан ёзилган “Кўрмадим” куйини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоҳир Ражабий маҳорат билан ижро этди.

Хотира кечаси якунида Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раис ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, профессор Ҳабибулла Раҳимов сўзга чиқиб, институтдаги гўзал муҳит, етишиб келаётган истеъдодли ёшларнинг шижоати ва миллий қўшиқларимизга бўлган меҳр-муҳаббати ҳақида сўзлади.

Институт ректори, профессор Иброҳим Юлдашев мана шундай гўзал тадбирлар бардавом бўлажагини, ҳар ойнинг сўнгги пайшанбасида Ўқув театрида “Мақом кечаси” ташкил этилажаги, мазкур саъй-ҳаракатлар муҳтарам юртбошимиз илгари сураётган устувор вазифаларга муносиб ҳисса бўлиши борасида сўзлаб ўтдилар.

Миллий чолғу асбобларининг сеҳрли садоларига тўла хотира кечаси кўнгилларни шукуҳга ва қайноқ туйғуларга тўлдирди. Устозларимизнинг муқаддас хотиралари қалбларимизда мангу яшасин!

 

Достонбек РАҲМАТУЛЛАЕВ

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият

институти матбуот котиби

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 20.11.2019 | 17:35