11 Октябрь 2019
“Меценатлик тўғрисида”ги Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди

Бугун Олий Мажлис Сенатининг 23-ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев ҳам иштирок этмоқда. 
Мажлисда сенаторлар бир қанча масалалар қаторида “Меценатлик тўғрисида”ги Қонунни ҳам кўриб чиқдилар. Мазкур Қонун маданият ва санъатни, шунингдек, маданият ва санъат соҳасидаги илм-фанни, таълимни, маърифатни ҳамда бошқа фаолиятни ривожлантириш мақсадида ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш чоғида юзага келадиган муносабатларни тартибга солади.
Қонунга таянч тушунчалар киритилиб, унда меценат, меценатлик (меценатлик фаолияти), меценатлик кўмаги, меценатлик кўмагини олувчи тушунчалари очиб берилган.
Қонунга кўра меценатлик фаолияти Ўзбекистон Республикасининг маданий мерос объектларини сақлаш, муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадларида амалга оширилади.
Шунингдек, меценатлик фаолияти маданият ва санъат соҳасидаги касбий фаолиятни қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизнинг маданий мерос объектларини сақлаш, муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни, лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш, маданият ва санъат соҳасидаги ёш истеъдодларни ва арбобларни қўллаб-қувватлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ушбу соҳани ривожлантиришда иштирок этиши учун маънавий рағбатлантириш омилларини ҳамда бошқа омилларни кенгайтириш мақсадларини ҳам назарда тутади.


Қонунга кўра, жисмоний ва юридик шахслар меценатлик фаолиятини ихтиёрийлик ҳамда бу фаолиятнинг мақсадларини эркин танлаш асосида монеликсиз амалга оширишга ҳақлидир. Меценатлар ва меценатлик кўмагини олувчилар меценатлик фаолиятининг субъектларидир. Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ва норезидентлари меценатлар бўлиши мумкин.
Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши меценатларни рағбатлантиришнинг қўшимча номоддий усулларини яратишга, шунингдек, молиявий активларни маданият ва санъатга фаолроқ жалб қилишни рағбатлантиришга хизмат қилади. Сенат мажлисида ушбу Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Охирги янгиланиш: 20.11.2019 | 17:35