09 Октябрь 2019
Талабалар билан эркин мулоқот

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини янада ривожлантириш, истиқболли кадрлар тайёрлаш, салоҳиятли ёшлар аудиториясини кенгайтириш бош мақсадимизга айланиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони имзоланди ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори, профессор Иброҳим Юлдашев бугун олий таълим муассасасининг Ахборот ресурс марказида “Халқ ижодиёти” факультети “Маданият ва санъат муассасаларини ташкил этиш ва бошқариш” таълим йўналиши 1-курс талабалари билан эркин мулоқот олиб борди.

Суҳбат бошланишида талабаларга бир финжомдан қаҳва улашилди, мазкур тамойил ёшларни эркин ва очиқ мулоқот олиб боришлари учун кенг шароит яратди.

Ректор талабаларга муҳтарам юртбошимиз илгари сурган олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, илмий изланувчилари, докторантлари, магистрант ва бакалавриат талабаларининг юқори импакт-факторга эга нуфузли халқаро илмий журналларда мақолалар чоп этиши, мақолаларга иқтибослик кўрсаткичлари ошиши, шунингдек, республика илмий журналларни халқаро илмий-техник маълумотлар базасига босқичма-босқич киритилишини таъминлаш юзасидан маъруза ўтиб берди.

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида “ЎзМУ хабарлари” номли илмий-публицистик журнал чоп этилади. Ҳозирда институт жамоаси республика илмий журналларни халқаро илмий-техник маълумотлар базасига босқичма-босқич киритилишини таъминлаш борасида инглиз тилида “Culture and Arts of Central Asia” номли илмий-электрон платформа яратишди. Республикамиздаги 41 та олий таълим муассасаси ичидан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳам ўрин олди. Эндиликда санъат ва маданият соҳаларида фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчилар ва таҳсил олаётган барча талабалар илмий салоҳиятларини оширган ҳолда, мазкур электрон база орқали ўз мақолаларини чоп этишлари тезкор ва сифатли тарзда йўлга қўйилади. Олимлардан хориж тилларини мукаммал билишлари, ахборот технологияларидан оқилона фойдалана олишлари талаб этилади.

Ректор талабаларнинг ўқиш даврини илк онлариданоқ илмий изланишларини, ижодий жиҳатдан фаол бўлишларини алоҳида таъкидлаб ўтди. Мазкур ҳаракатлар муҳтарам юртбошимиз илгари сураётган муҳим ислоҳотларга муносиб ҳисса тарзида қўшилажак.

 

Достонбек РАҲМАТУЛЛАЕВ

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият

институти матбуот хизмати котиби

 

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 14.10.2019 | 16:40