30 Сентябрь 2019
Маданият вазири Б.Сайфуллаевнинг байрам табриги

Фарзанд тарбияси, унинг камолга етиб, жамиятда ўз ўрнини топишида ҳамда муайян бир касбни ихтиёр этиб, уни тўлиқ эгаллашида устозларнинг хизмати беқиёсдир. Киши бу дунёда қайси соҳада меҳнат фаолиятини олиб бормасин доимо ўзига устоз-мураббий қидиради, унга эҳтиёж сезади. Бинобарин, “Устоз – отангдек улуғ” деган ҳикматли сўз асрлар ўз исботини топган ҳикматли сўз бўлибгина қолмай, унда ўқитувчи-мураббийларга нисбатан самимият, чексиз ҳурмат мавжуд. Бугунги байрам ёшларга таълим-тарбия беришга, уларга ўз истеъдод ва маҳоратининг сир-асрорларини ўргатишга интилган, бу сермашаққат йўлда ўз билим ва тажрибасини аямайдиган азиз устозларимизга, яъни сизларга нисбатан халқимизнинг чуқур эҳтиромини акс эттирадиган байрам, айни ҳақиқатдир.

Сизларнинг меҳнатингиз негизида инсонни тарбиялашдек жуда муҳим ва масъулиятли вазифа туради. Айнан сиз педагог ўқитувчилар жамиятимизнинг зиёли қатлами орасида фаровон келажагимизнинг пойдеворини қуришда, ёшларимизга маънавият ва маърифат улашишда олдинги ўринда турасизлар. Шогирдлар, талабалар, ўқувчилар ўз мураббийлари каби бўлишга интиладилар, улар эришган марраларни забт этишни хоҳлайдилар, улардан ўрнак оладилар. Бундай чексиз ҳурматга лойиқ касб дунёда йўқ, десак ҳеч бир муболаға қилмаган бўламиз.

Қадрли устозлар, азиз профессор-ўқитувчи ва мураббийлар! Ватанимиз тараққиёти, унинг эртанги куни учун бениҳоя катта ҳисса қўшаётган сиз устоз-мураббийларнинг меҳнатингизни муносиб тақдирлаш учун юртимизда катта ишлар олиб борилмоқда. Зеро, эртанги кунимиз бўлган ёш авлод тарбияси йўлида ишлаб-изланаётган сиз педагоглар кўрсатилаётган ҳурмат-эътиборга лойиқсизлар!

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби педагогика соҳасида ёшларга сабоқ бераётган, бу жараёнда тинмай меҳнат қилаётган зиёлиларимизга, педагог-устозларимизга, профессор-ўқитувчиларимизга, мураббийларимизга байрам муборак бўлсин деймиз!

Сизларни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор табриклаган ҳолда, оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик, бахт-саодат, сиҳат-саломатлик, ёшларга таълим беришда куч-қувват, ижодда ва ўз фаолиятингизда янги марраларга етишишда муваффақиятлар тилайман!

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири 

Б. Сайфуллаев

 

 

 

Охирги янгиланиш: 14.10.2019 | 16:40