30 Сентябрь 2019
Маданият вазирининг Сурхондарё вилояти мусиқали драма театрига ташрифи

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев Сурхондарё вилоятига сафари чоғида вилоят мусиқали драма театрига ташриф буюрди.

Жорий йилнинг 24 сентябрь куни Сурхондарё вилояти мусиқали драма театрида “Бизнинг театр” мавзусида илмий-амалий анжуман ташкил этилди. Илмий-амалий анжуманда “Режиссура ва режиссёрларнинг театр ижодий фаолиятида тутган ўрни”, “Театр тарихи ва бугунги фаолияти, театрнинг жамият ҳаётида тутган ўрни”, “Устоз-шогирдлик анъаналари”, “Театр ижодий фаолиятида драматургиянинг ўрни ва муаммолар” каби мавзуларда маърузалар қилинди.

Анжуман доирасида Сурхондарё Санъат саройи залида театр ижодий фаолиятини акс эттирувчи кўргазма ташкил этилди. Кўргазмада театр репертуаридан ўрин олган спектаклларнинг либослари, эскизлари, рассомларнинг ижодий ишлари, программа ва афишалар, театр ижодий фаолиятига оид китоблар, тарихий сиймолар образларининг либослари, “Театр менинг ҳаётимда” мавзусидаги фотосуратлар намойиш этилди.

Тадбир сўнгида театр жамоаси томонидан Комил Ҳамроев асари асосида режиссёр Фарҳод Болтаев томонидан саҳналаштирилган “Зиё қалъаси” спектакли намойиш қилинди.

Б.Сайфуллаев мазкур спектаклни юқори баҳолаб, бу каби тадбирлар вилоятда маданият ва санъатнинг ривожига хизмат қилишини таъкидлади.

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 14.10.2019 | 16:40