11 Сентябрь 2019
Шуҳрат ҒАНИЕВ: “Қўқон шаҳри ҳунармандчилик харитасидан муносиб ўрин эгаллайди”

Бугун Ўзбекистон яна бир нуфузли анжуманга мезбонлик қилмоқда. Кўҳна ва навқирон Қўқон шаҳрида илк бор халқаро ҳунармандчилик фестивали бошланди.

– Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда номоддий меросни асраб-авайлаш бўлган юксак эътиборнинг амалий ифодаси бўлди. Айниқса, вилоятимизнинг Қўқон шаҳрида мазкур тадбирни ўтказилиши фарғоналикларни беҳад мамнун этмоқда. Юртимизда биринчи бор ўтказилаётган ушбу байрам кенг миқёсли бўлиб, унда дунёнинг 85 та мамлакатидан давлат ва жамоат арбоблари, устазода ҳунармандлар, халқ амалий санъати усталари, мутахассислар, соҳа олимлари ва фахрий меҳмонлар, маданият ва санъат соҳаси вакиллари иштирок этмоқда. Шунингдек, қўшни Тожикистон ва Қирғизистон давлатларидан мазкур фестивалда кўплаб меҳмонларнинг иштирок этаётгани ҳам қувонарлидир. 

Бугунги кунда Қўқон шаҳрида халқаро ҳунармандчилик фестивалини юқори савияда ўтказиш учун барча тайёргарлик ишлари тўлиқ якунланди. Маҳаллаларни, кўча ва хиёбонларни ободонлаштиришга муҳим эътибор қаратилиб, шаҳар бутунлай янги қиёфага кирди. Хорижий меҳмонлар ва фестиваль иштирокчилари ташриф буюриши кўзда тутилган 12 та тарихий обидани таъмирланди Шунингдек, 20 дан ортиқ Қўқон миллий ҳунармандчилиги намояндаларининг уй устахоналари, 4 та маданий дам олиш маскани фестиваль иштирокчилари ва меҳмонлар ташрифи учун тайёрланди. Худоёрхон Ўрдаси майдонида фестивалнинг асосий тадбирлари бўлиб ўтади. Майдонда саҳна ва амфитеатр барпо этилди. Хорижлик ҳунармандлар, вилоятларнинг вакиллари ўз санъат асарларини намойиш этиши учун алоҳида жойлар ажратилди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, фестиваль иштирокчиси бўлган 570 дан зиёд хорижий ҳунармандлар ва икки мингга яқин маҳаллий иштирокчилар учун янгитдан 10 та меҳмонхона қуриб, фойдаланишга топширилди. Юздан зиёд уй меҳмонхоналари ташкил этилди.

– Мазкур халқаро фестивални ўтказиш учун Қўқон шаҳри танланди. Нега бундай қарорга келинган деб ўйлайсиз? 

– Ҳунармандчилик барча халқларга хос бўлган маданий мерос ҳисобланади. Ҳар бир уста ҳунарманд тайёрлаган маҳсулот юрак қўри ва қўл меҳнати билан яралади. Шунинг учун ҳам илк бор ўтказилаётган халқаро ҳунармандчилик фестивали барча халқларни бирлаштирадиган дўстлик ва ҳамжиҳатлик байрамидир. 

Бу фестивалнинг ҳар икки йилда бир марта Қўқон шаҳрида ўтказилиши замирида ҳам ўзига хос маъно мужассамдир. Зеро, Фарғона – уста ҳунармандлар юрти. Бугун вилоятимизда ҳунармандчиликнинг барча йўналишлари бўйича тўрт мингдан ортиқ ҳунарманд устахоналари фаолият олиб бормоқда. Улар орасида ўз мактабига эга сулолалар, турли халқаро ва мамлакатимиз миқёсида ўтказиладиган кўргазмалар, фестиваллар иштирокчилари, давлат мукофотлари соҳиблари бор.

Қўқон ҳунармандчилиги ҳам ўзига хос тарихи, услуб ва анъаналарига эга бўлиб, ҳозирги кунда шаҳарда миллий ҳунармандчиликнинг 30 га яқин турлари кенг ривожланган. Бугун латиф шаҳарда қарийб тўрт юз нафар ҳунармандлар ота-боболардан мерос юмушларни авлоддан-авлодга ўтишини таъминламоқдалар. Ўзбекистон Қаҳрамони, ёғоч ўймакори Адбуғани Абдуллаевнинг ҳунармандчилик ривожига қўшган ҳиссасини барчамиз юксак қадрлаймиз. Бугунги кунда пичоқчи Ҳасанжон Умаров, ёғоч ўймакорлар Муҳаммадали Юнусов, Жамшид Умаров каби уста ҳунармандлар эл эъзозини топган.

Бу фестивалдаги яна бир тарихий воқеа шундаки, Жаҳон ҳунармандчилик Кенгашининг 2019 йилнинг 23 июлидаги қарорига кўра, Қўқон шаҳрига Ҳунармандчилик шаҳри мақоми берилди. Шу кунгача жаҳоннинг 36 та шаҳри шундай юксак номга сазовор бўлган. Қўқон эса МДҲ давлатлари ичида биринчи бўлиб ушбу рўйҳатга киритилди.

– Фарғона вилоятида ҳунармандчиликни янада ривожлантириш истиқболлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз? 

– Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 6-7 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Қўштепа туманидаги “Ипак гиламлар” корхонаси фаолияти билан танишди. Корхона фаолиятини янада кенгайтириш, бу ерни Фарғона туризм йўналишига киритиш, Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарларда унинг расталарини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган эди. Мазкур топшириқ асосида белгиланган вазифалар ижроси таъминланиб, хотин-қизлар учун кўплаб янги иш ўринлари яратилди. Бу ерда тайёрланаётган ўзбек гиламларини ташқи бозорда ҳам харидори тобора ортиб бормоқда.

Биргина ўтган йилда 12 турдаги 4,7 миллион долларлик ҳунармандчилик маҳсулотларини хорижга экспорт қилинди. Жорий йилда ҳам ҳунармандчиликниянада ривожлантириш мақсадида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Ҳозирда умумий қиймати 31,2 миллиарад сўмлик 731 та қўшимча лойиҳаларнинг манзилли рўйхати шакллантирилди. Ҳунармандчилик маҳсулотлари экспорти ҳажмини 2,2 баробарга ошириб, 10 миллион долларга етказиш ҳаракатидамиз. “Уста-шогирд” мактаби анъаналари асосида шогирдлар тайёрлаш ва лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 7 мингдан зиёд фуқаро бандлиги таъминланади. Марғилон ва Қўқон шаҳарлари, Риштон ва Бувайда туманларида “Ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари” ни ишга тушириш, бу орқали вилоятимизнинг туризм салоҳиятини юксалтириш белгилаб олинган.

– Шуҳрат Мадаминович, маълумки, Марғилонда барча оилаларда фарзандларини ёшлигидан қайсидир ҳунарга ўргатадилар. Бу минг йилликлар давом этиб келаётган анъанадир. Сиз ёшлигингизда қайси ҳунарга қизиқар эдингиз?

– Мен ёшлигимдан дурадгорлик ва ёғоч ўймакорлигига қизиқиб, бўш вақтларимда бу ҳунарни ўрганишга ҳаракат қилганман. Ўша пайтдаги дурадгорлик асбоб-анжомлари ва ўзим ясаган ўймакорлик буюмлари уйимизда ҳали ҳам сақланиб келинмоқда. Фарзандларимга ҳам бирор ҳунарни ўрганишни доимо уқтираман. Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Фарғона вилоятида ҳар бир инсон болалигида бирор ҳунарни албатта ўрганган. 

– Илгарилари Ўзбекистонга хорижий журналистларнинг келишига воқеа сифатида қаралар эди. Шу йилнинг ўзида Шаҳрисабз, Самарқанд, Марғилон анжуманларида ўнлаб мамлакатларнинг ОАВ вакиллари иштирок этдилар. Билишимизча, Қўқонга 40 дан зиёд дунёнинг таниқли журналистлари ташриф буюришар экан. Сизнингча Ўзбекистонга, жумладан, Қўқонга уларнинг бу қадар катта қизиқиши сабаблари нимада экан? 

– Ўзбек ҳунармандлари дунёнинг етти мўъжизаси саналган Тожмаҳални бунёд этишида ҳам муносиб ҳисса қўшишгани тарихдан яхши маълум. Бугун ҳам бу боқий анъаналар давом этиб, ҳунармандларимиз Хитойнинг Пекин шаҳрида, Беларусь ва бошқа кўплаб давлатларда бунёд этилаётган бино ва иншоотлар қурилишида фаол иштирок этмоқда.Ана шу қўли гул уста ҳунармандларнинг ишини кўрган ҳар қандай хорижлик албатта юртимизга ташриф буюришни ният қилади. 

Бунга бир мисол. Саудия Арабистонидаги нуфузли нашр-“Ар-Риёд” газетаси бош муҳаррирининг фестивалга қатнашиш истагини билдиргани ҳам хорижликларнинг Ўзбекистонга, унинг маданий-тарихий меросига бўлган қизиқишини яққол ифодасидир.

ОАВ вакиллари фестиваль тадбирларидан ташқари вилоятимиз мисолида мамлакатимиздаги ислоҳотлар билан яқиндан танишади. Кенг кўламдаги бунёдкорлик ишларига ўзлари гувоҳ бўлишади. Бу албатта юртимизнинг довруғини янада юксалтириш, қолаверса, туризм салоҳиятини намойиш этишда муҳим аҳамият касб этади.

Ўйлайманки, мазкур фестиваль номоддий меросни халқаро миқёсда кенг намойиш этиб, халқимизнинг, жаҳон ҳунармандларининг катта шодиёнасига айланади.

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 11.11.2019 | 17:56